Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизими

28.12.2022, 15:22

Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизими

юртимизнинг барқарор тараққиёти йўлида муҳим қадам бўлади

Давлат бошқарувида марказлашувнинг юқорилиги оқибатида мураккаб масалаларга аниқ ечим топишда ортиқча куч, вақт ва ресурс сарф этиларди. Шу боис, давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни жорий этишни даврнинг ўзи тақазо этаётган эди. Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фармонга биноан вазирликлар ислоҳ қилинади, ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Вазирлик ва идоралар сони  ҳозирги 61 тадан 28 тага камайтирилади. Ёки вазирликлар 25 тадан 21 тага қисқартирилди. Давлат бошқарувининг ихчамлаштирилиши сабаблари ҳақида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам батафсил фикр юритилди. Жумладан, унда давлат аппаратида такрорланиш кўплиги, ортиқча штатлар мавжудлиги, вазирларнинг ҳукумат қабул қилаётган қарорларни ҳаётга жорий этишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмаслигига урғу берилди.

Мурожаатномада маъмурий ислоҳотлар хусусида гап кетар экан, давлат хизматчилари сони 30-35 фоизга қисқариши натижасида иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилиши айтилди. Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги оширилиши таъкидланди.

Бинобарин, вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезонга айланиши муҳим. Давлат вакиллари ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқпарварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан  одамлар меҳрини қозониши лозим. Шу жиҳатдан Парламент вакиллари ва вазирликлар ўртасида узвийликни мустаҳкамлаш, аҳоли фикрларини ўрганиб, муаммоларни биргаликда ечим топишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки мақсад битта: юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига эришишдир. Шундай экан Парламент вакиллари ва вазирликлар ўртасида сунъий “девор” бўлишига йўл қўймаслик керак.

Мен аминманки, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар ўзининг ижобий самараларини беради. Янги 2023 йилни мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши янги-янги марраларни эгаллашимизда ва халқимиз турмушини янада фаровон бўлишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Остонада турган Янги 2023 йил барчамизга омад, бахт ва тўкинлик олиб келсин!

                            Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

                            Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    508
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+