Мурожаатнома: сувли ерларни деҳқончилик қилиш учун ишсиз фуқароларга бўлиб берилади

28.12.2022, 16:12

Мурожаатнома: сувли ерларни деҳқончилик қилиш учун ишсиз фуқароларга бўлиб берилади

Мурожаатномада Президентимиз сув хўжалиги соҳасига алоҳида эътибор қаратиб ўтдилар. Бу бир томондан сув хўжалиги соҳаси давлат учун, халқ учун қанчалик муҳимлигини англатса, иккинчи томондан сувчиларни юксак эътиборни ҳис этган ҳолда ўз вазифаларини тўлиқ ва сифатли бажаришга, билдирилган ишончни оқлашга ундайди.

Ушбу ҳужжатда сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани, биз нафақат бугунги, балки келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз кераклигига алоҳида урғу берилганига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Ҳақиқатан ҳам, сув танқислиги йилдан йилга сезиларли даражада ортиб бораётган бўлиб, бу ҳақда кўп бонг уряпмиз. Сувни тежаш, унинг ҳисобини аниқ юритиш, самарали бошқариш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бундан олти йил олдин кенг кўламда бошланган ислоҳотлар бугун амалда ўз натижаларини беряпти.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Республикада ички хўжалик суғориш тармоқларининг 77 фоизи (119,5 минг км) тупроқ ўзанли бўлиб, 44 фоизини (68,3 минг км) таъмирлаш ва тиклаш, 10 фоизини (15,5 минг км) эса реконструкция қилиш таълаб этилади.

Мавжуд 19,1 минг км лоток тармоқларини ўз вақтида таъмирлаш ишлари амалга оширилмаганлиги, шунингдек, хизмат муддатларини ўтиб кетганлиги натижасида уларнинг 70 фоизи (13,4 минг км) реконструкция қилиш ва алмаштиришни талаб қилади. Сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари эса аксарият ҳолда сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган.

Натижада ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти паст бўлиб, асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилмоқда.

Шу сабабли, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан тушадиган маблағлар ҳисобидан бетонлаштириш муҳим аҳамиятга эга. 2023 йилда сув солиғидан тушиши кутилаётган 800 миллиарддан ортиқ маблағларнинг бир қисмини юқоридаги муаммоларни бартараф этишга йўналтириш сув йўқолишининг олдини олишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтсак.

Давлатимиз раҳбари сувли ерларни деҳқончилик қилиш учун ишсиз фуқароларга бўлиб бериш борасида ҳам топшириқлар бериб ўтдилар.

Ушбу ишлар жорий йил бошидан ҳам тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда. Шу йилнинг ўзида 100 минг гектар экин ерини аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб берилди ва бунинг ҳисобидан 1,5 миллион тонна қўшимча озиқ-овқат етиштирилди.

Натижада, қишлоқларда 400 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил қилинди, 1 миллион 200 мингдан зиёд одамларнинг бандлиги таъминланиб, даромад олмоқда.

Шу боис, 2023 йилда ҳам 100 минг гектар экин майдонларини аҳолига қўшимча равишда ажратилиши қарийб 350 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил этилишига олиб келади.

Умуман олганда жами 750 мингта янги (2022 йилда 400 мингта, 2023 йилда 350 мингта) деҳқон хўжалиги ташкил этилиши бу яна 1 миллиондан ортиқ иш ўрни ва қўшимча даромад манбаидир.

Агар таҳлил қиладиган бўлсак, пахтадан шунча майдондан олинадиган фойдага нисбатан қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириш орқали 5-6 баробар кўп даромад олиш имкониятлари яратилади.

Шунингдек, қўшимча 1,5 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштирилиши озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозорларда нарх барқарорлигини таъминлашга эришилади. Шу билан бирга аҳолининг даромадлари ошиши ҳамда камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.

Рохатжон Тўйчиев

Андижон вилоят кенгашидаги O'zLiDeP фаоли

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    532
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+