Жамиятимизга эзгу тамойилларни чуқурроқ сингдириш қайғули воқеалар такрорланмаслиги кафолатидир

29.12.2022, 09:12

Жамиятимизга эзгу тамойилларни чуқурроқ сингдириш қайғули воқеалар такрорланмаслиги кафолатидир

Самарқанддаги болалар шифохонасида 18 гўдакнинг ўлими барчани, партиямиз аъзоларини ҳам ларзага солди. Партиямиз вафот этган болаларнинг ота-оналарига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Мазкур қайғули воқеа, гарчи кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилганига қарамай, ҳали-ҳануз айрим муаммолар сақланиб қолаётганидан, соҳага янада кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигидан дарак беряпти.

Хусусан, республикамиз соғлиқни сақлаш вазири болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар вазирликдан яширишга уринилганини маълум қилди.  Айбдор шахслар ана шу ниятига етганида, эҳтимол, ўлимларга олиб келаётган фаолият яна давом этарди, шубҳали дори истеъмоли эса кенгаяверарди. Шу билан бирга мазкур муассасадаги кўплаб жараёнлар, ходимлар касбий маҳорати ва бошқалар ҳам назардан четда қолган. Бу ҳодиса очиқлик, ошкоралик, шаффофликнинг – масъул шахсларнинг ўз вазифаларига бўлган масъулиятини кескин оширишга хизмат қилувчи тамойилларнинг, бу йўналишда партиямиз илгари сураётган вазифаларнинг ҳаётга тўла татбиқ этилиши нақадар муҳим эканини  яна бир бор кўрсатди.

Шубҳали дори воситасини республикамизда рўйхатдан ўтказган, уни мамлакатимизга келтирган ва сотувда иштирок этган бир қанча шахслар ҳибсга олинди. Масъулиятсиз, керакли чораларни вақтида кўрмаган тиббиёт ходимлари ўз лавозимидан озод этилди. Аммо..  Ўтган ҳафтада Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга мурожаатномасида “... очиқ айтиш керак, бу – масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш” деган фикр айтди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур сўзлари куни кеча рўй берган ҳодисага ҳам тааллуқлидир.  Сабаблар билан бир неча   ташкилот курашолмайди, бу ишда бутун жамият, барчанинг фаол иштироки талаб қилинади. “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, “Менга нима, ўзим тинч бўлсам, бўлди-да” қабилидаги ақидаларга, лоқайдлик, бефарқлик каби иллатларга буткул барҳам бериш зарур.

Жамиятимизнинг ана шу эзгу тамойиллар асосида мукаммаллашуви  фожиа қайтадан юз бермаслигининг кафолатидир.

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

  • Кўрилди
    1842
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+