Бекободда ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти сарҳисоб қилинди

30.12.2022, 15:50

Бекободда ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти сарҳисоб қилинди

Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ҳудуддаги маҳаллабай ишлаш тизими ва ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги юзасидан навбатдаги депутатлик эшитувини ташкил этди.

Унда Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бекзод Мирзақулов ҳамда шаҳар Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш раҳбари Исломбек Ахмадалиевларнинг Бекобод шаҳридаги МФЙларда маҳаллабай ишлашда ҳоким ёрдамчиларининг бугунги кунгача олиб борилаётган  ишлари  юзасидан ҳисоботларини тинглашди.

Партия депутатларининг бугун Бекобод шаҳри ҳудудидаги маҳаллаларда маҳаллабай ишлаш ва ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги қандай, деган саволига мутасаддилар ҳудудда ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, кредит ва субсидиялар ажратиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш, коммуникация тармоқларини яхшилаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан таҳлилий ҳисоботларини тақдим этишди.

Унга кўра, ўтган давр мобайнида Бекобод шаҳридаги маҳаллаларда 4343 та иш ўринлари яратилган. Жумладан, 1876 таси доимий иш ўринлари, 332 таси якка тартибдаги тадбиркорликка  йўналтириш, 2100 та ўзини-ўзи банд қилиш орқали, 367 та ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, 62 та юридик шахс ташкил этган ҳолда тадбиркорликка йўналтириш орқали иш ўринлари яратилган.

Касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида Бекобод шаҳар “Нурли йўл” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси  Р.Эсантурдиев томонидан 81 нафар ёшлар ва хотин-қизларни ҳамда 25 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни “BEKOBOD KASB-HUNARGA O'QITISH MARKAZI” ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби Тошкент вилояти ҳудудий филиали, 32 нафар фуқаролар эса Мономарказларида йўлланма асосида ўқитилиб ва уларнинг бандлиги таъминланган. Бугунги кунда ёшлар ва хотин-қизлар 27 дан ортиқ мутахассисликларга ўқитилмоқда.

Ҳисобот даврида 317 таси якка тартибдаги тадбиркорлик, 162 та юридик шахс ташкил этган ҳолда янги тадбиркорлик суъбектлари ташкил этилган.

Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида “Онлайн маҳалла” платформаси орқали жами қиймати 32,4 млрд. сўм бўлган 1000 та лойиҳалар учун аризалар келиб тушган бўлса, шундан ҳоким ёрдамчилари томонидан 19,3 млрд. сўм бўлган 762 та лойиҳаларга ижобий тавсияномалар берилган ҳамда 448 та лойиҳаларга 10,19 млрд. сўм кредитлар ажратилган.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб ускуналари олиб бериш бўйича 89 та фуқарога 589 млн. сўмлик субсидиялар ажратилган.

Маҳаллалардаги аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш мақсадида 30,0 км ариқлар тозаланиб, 534 та оилалар томорқасини суғориш учун сув билан таъминланган. Шунингдек, 1,2 км йўллар шағаллаштирилиб, 489,3 км йўллар асфальтлаштирилган ҳамда 1,6 км пиёдалар йўлаклари барпо этилган.

Маҳаллаларда эски ва яроқсиз бўлган 9 дона трансформатор, 391 дона сим ёғочлар ҳамда 733 дона тунги чироқлар янгиларига алмаштирилган.

Депутатлар мутасаддиларнинг юқоридаги далилий рақамларни ўз ичига олган ҳисоботларини тинглаб, унинг доирасидаги ўз мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, юртбошимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган маҳаллабай ишлаш тизими ўзининг самарадорлигини бераётганини қайд этишаркан, ахборотдаги кўрсаткичларни янада кўтариш лозимлигини таъкидлашди. Эндиликда хонадонбай ишлаш механизмларини ҳам қайта кўриб чиқиб, бу борадаги ишларни тизимлаштириб, янада жонлантириш кераклигини уқтиришаркан, ўзларининг кўрсатма ва тавсияларини беришди.

Президентимизнинг жорий йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш ишига катта масъулият билан ёндашиш зарурлигига эътибор қаратишди.

Мурожаатномада қайд этилганидек, келгуси “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да Тошкент вилояти, шу жумладан, Бекобод шаҳрида ҳам қатор ислоҳотлар, катта ўзгаришлар амалга оширилиши режалаштирилгани тўғрисида фикр юритишди. Хусусан, энг муҳим масала бўлган энергия ресурсларидан самарали фойдаланишда Тошкент вилоятида Олмалиқ, Бекобод комбинатлари ва бошқа йирик корхоналар ўз эҳтиёжлари учун 1 минг мегаваттли қуёш электр станциялари ўрнатилиши кўзда тутилгани масаласининг моҳиятини тушунтиришди. Мамлакат раҳбари ўз мурожаатномасида кўрсатиб берганидек, Олмалиқ ва Бекобод комбинатлари қуёш электр станцияларини ўрнатса, йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Натижада, Тошкент вилоятининг қарийб 30 фоиз электр истеъмоли таъминланади ва 500 миллион куб метр газ тежалади.

Депутатлар шунингдек, мурожаатномада келгуси йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланиб, унинг доирасида, биринчи навбатда турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилиши масаласи ҳам тилга олингани ҳақида атрофлича тўхталишди.

Давлат раҳбарининг Мурожаатномасида 2023 йил учун улкан мақсад ва вазифаларни белгилаб берилганини баён этишди. Келгусида амалга ошириладиган фаолиятда ҳам мазкур мурожаатнома дастурул амал бўлиб хизмат қилиши мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлашди.

Депутатлик эшитувси сўнггида тингланган ҳисобот юзасидан маълум хулосага келиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда қилинадиган ишларнинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    558
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+