Бухоролик талаба ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил қилинди

04.01.2023, 14:46

Бухоролик талаба ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил қилинди

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши томонидан “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида Бухоро давлат педагогика институти талаба ёшлари иштирокида “Янги Ўзбекистоннинг янги авлод ёшлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

Тадбирда сўз олганлар бугун юртимизда ёшларнинг замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратиб берилаётган имкониятлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Дастлаб тадбир иштирокчиларига партия вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Бобомурод Очилов томонидан “Янги авлод кадрлари” лойиҳасининг мазмун-моҳияти бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, лойиҳадан кўзланган мақсад олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба ёшлар орасидан замонавий фикрлайдиган, маънан етук, ватанпарвар, партияга хайрихоҳ, партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини тарғибот этишда ташаббускор, фаол, етарли малакага эга бўлган кадрларни танлаш ва партия сафларини фаол ёшлар ҳисобидан кенгайтиришдан иборатдир.

Давра суҳбати давомида сўз олган партия вилоят Кенгаши ҳузуридаги Фахрийлар Кенгаши раиси Беҳбуд Жумаев барчанинг диққат-эътиборини мамлакатимиз раҳбари томонидан Парламентга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятига қаратди. Унда давлат сиёсати марказида инсон ва унинг тўлақонли шахс сифатида такомиллашувини таъминловчи устувор восита таълим эканлиги алоҳида қайд этилганлигини таъкидлаб ўтди. Таълим, айниқса, олий таълим мамлакатимиз келажагини, юксак тараққиётини белгилаб берадиган муҳим таянч тизими эканлигини алоҳида эътироф этди. Мамлакатимизда, қолаверса, вилоятимизда олий маълумотли, билимли, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, барча соҳаларда шунча кўп ривожланиш ҳамда самарадорликка эришилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир иштирокчиларига ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уни ривожлантириш борасида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳага оид амалдаги қонунчилик, турли йўналишларида фаолият бошлаш учун тижорат банкларидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар олиш тартиби ва соҳанинг соҳанинг сир-асрорлари ҳамда ўзининг серқирра тадбиркорлик фаолияти тўғрисида O’zLiDeP шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, “Замин мадад тайёрлов савдо” МЧЖ раҳбари Мамлакат Содиқова ўз фикр- мулоҳазаларини батафсил  тушунтириб ўтди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда бўлиб ўтган давра суҳбати иштирокчиларини қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди. 

Тадбир сўнгида институтнинг 5 нафар фаол талабаларига партия аъзолик гувоҳномалари берилди.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳамда Бухоро давлат педагогика институти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

  • Кўрилди
    462
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+