Қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – олий қадрият

04.01.2023, 17:41

Қонун талаблари ва инсон  ҳуқуқлари – олий қадрият

Инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари — олий қадрият ҳисобланади. Буюк алломаларимиз бой илмий ва маънавий меросида ҳам, инсон — ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўжиза сифатида улуғланади.

Шу боис, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилди. Чунки инсон фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади.

Инсон қадри, инсонни эъзозлаш – энг асосий масалалардан бўлгани сабабли охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта уй-жойлар қурдилди. Бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди.

Ҳозирги иқтисодий инқирозларга қарамай, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсати изчил давом эттирилмоқда.

Халқимиз соғлиғини сақлаш учун барча тиббий хизматлар энг чекка туман ва маҳаллалар даражасигача туширилиб, ёшларни касб-ҳунарли қилиш, уларнинг бизнесига кенг йўл очиш, ҳақиқий мулкдор бўлиб, даромад топиши учун зарур шароитлар яратиляпти.

Йилларга берилган номларнинг ҳам бевосита ва билвосита инсон тушунчасига бориб ҳам боғланиши бежиз эмас. Инсон қадрини улуғлаган жамият, ўз мамлакатини эъзозлаган ва қадрига етадиган, унинг эртаси учун куюнувчи давлат ҳисобланади. Янги — 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилишида ҳам ана шу ҳақиқат мужассам.

Бу бундан беш-олти йил олдин бошланган ислоҳотлар келгусида ҳам давом эттирилиши, инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг марказида бўлишидан далолат беради. Бошқача айтганда, бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмай, доимо бардавом бўлишини англатади.

Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлигига алоҳида урғу бергани бежис эмас.

Чунки шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун зарур шароит яратиб бериш, инсонни чинакамига қадр топишини таъминлаш энг устувор ва долзарб масалалардан саналади.

Тўғри, сўнгги йилларда бу борада, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Халқ манфаатларини таъминлаш, одамларнинг ўй-ташвишларига шерик бўлиш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди.

Аммо одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам бор. Хусусан, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда. Масалан, ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмаган.

Юртбошимиз шу жиҳатларга тўхталаркан, бу масалани алоҳида назоратга олиб, тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлаш зарурлигини қайд этди. Қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратишини билдирди.

Яна бир муҳим масала. Охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётгани сир эмас. Давлатимиз раҳбари шу жиҳатларга тўхталар экан, бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмаслигини, ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлишини таъкидлади.

Ҳақиқатдан ҳам, қонун устувор бўлган, мамлакатнинг Асосий қонуни ҳаётнинг барча жабҳасига чуқур сингдирилган жамият мудом юксакликка бўй чўзади. Шу маънода, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолади.

Умуман олганда, қонун устувор юрт янада тараққий этади, ривожланади. Одамлар фаровон яшайди, эртанги кунига, мамлакатда бўлаётган ўзгаришларга ишонади. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият.

 Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    703
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+