Солиқ хавфининг паст даражасини аниқлаш тизимини соддалаштириш ва рақамлаштириш таклиф этилаяпти

06.01.2023, 15:18

Солиқ хавфининг паст даражасини аниқлаш тизимини соддалаштириш ва рақамлаштириш таклиф этилаяпти

Мамлакатимиз иқтисодиётида маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун қулай имкониятлар яратилаётганлиги туфайли сўнгги олти йилда инвестициялар ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан ошди. Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2023 йилда тайёр маҳсулотлар экспортини қўшимча 4 миллиард долларга етказиш масаласи илгари сурилди. Шу маънода «Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури самараси ўлароқ 2022 йилнинг ўзида 2 мингга яқин тадбиркор илк бор ташқи бозорларга ўз маҳсулотларини олиб чиқди. Мурожаатномада  2023 йилда экспорт ҳажми тарихимизда илк бор 23 миллиард доллардан ортиши мўлжалланаётгани айтиб ўтилди.

Бу улкан вазифаларни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда экспортчи корхоналарга қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими жорий этилмоқда. Албатта, қўшилган қиймат солиғини қайтариб олиш учун тадбиркор энг интизомли солиқ тўловчи бўлиши, экспортга маҳсулот чиқариши, охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган бўлиши, охирги бир йил давомида экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаслиги, товарлар «экспорт» божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисобварағига келиб тушган бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, интизомли солиқ тўловчи ёки солиқ хавфининг паст даражасига эга солиқ тўловчи сифатида эътироф этилиши учун Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрни қоплаш тартибини соддалаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги 595-сонли қарори талабларига асосан 17 та текширув кўрсаткичлари ижобий бўлиши лозимлиги белгиланган.

Ушбу текширув кўрсаткичлари асосан инсон омили томонидан текширилади ва баҳоланади. Мутахассислар фикрича, мазкур омилларни таҳлил қилиш кўп вақтни олиши билан бирга, маълумотларни ҳаққоний акс эттириш юзасидан тўлиқ шаффофликни таъминлаш имконини бермайди. Шу боис партиямиз экспертлари томонидан солиқ хавфининг паст даражасини аниқлаш тизимини  соддалаштириш ва рақамлаштириш таклиф қилинмоқда.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    380
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+