Нурафшонда “ақлли шаҳар” қад кўтаради

09.01.2023, 17:57

Нурафшонда “ақлли шаҳар” қад кўтаради

O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши томонидан Нурафшон шаҳрида ташкил этилган навбатдаги депутат ва сайловчилар учрашувида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак ўзи сайланган округдаги аҳоли вакиллари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар билан самимий суҳбатлашар экан, мурожаатномада илгари сурилган таклифларнинг долзарблиги хусусида сўз юритди.

Хусусан, 2023 йилдан Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланиши билан одамларга қатор замонавий шароит ва имкониятлар яратилиши, биринчи навбатда, турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун уй-жойлар барпо этилиши замирида ижтимоий давлат ғояси мужассамлиги қайд этилди. Нурафшонда бой инфратузилмага эга бўлган “ақлли шаҳар” тез фурсатда қад кўтариши эса сайловчиларни янада руҳлантириб юборди.

Мурожаатномада давлат бошқарувини ихчамлаштириш, таълим, тадбиркорларга яратиб берилаётган имконият ва фаолиятнинг ҳуқуқий ҳимояси, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида белгилаб берилган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда сўнгги олти йилда рўй берган ўзгариш, бунёдкорликлар кўламининг қиёсий таҳлили ҳар биримизга фахр бағишлаши табиий, албатта.

Учрашувда сўз олган O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши раиси Тўлқин Файзиев мурожаатнома тарихий воқеалардан бири сифатида ҳаётимиздан ўрин олганини алоҳида таъкидлади. Унда жамиятда мавжуд муаммоларнинг тизимли ечимлари аниқ белгилаб берилган. “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғоя мамлакатимизда халққа берилаётган эътибордан яна бир дарак. Модомики, тилга олинган барча масалаларнинг тарғиботини кучайтириш – ҳар бир партия ташкилоти олдида турган долзарб вазифа бўлиши керак.

Тадбир сўнггида сайловчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда қатнашган электорат вакиллари ўзларини қизиқтирган барча масалалар юзасидан атрофлича жавоб олишди.

Зуҳро МИРЗОҲАМДАМОВА,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    522
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+