Ўзбекистон 2 миллиард тонна кўмир захирасига эга

13.01.2023, 11:07

Ўзбекистон 2 миллиард тонна кўмир захирасига эга

Ҳар йили қиш-қировли кунларда аҳолига, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшаётган қишлоқларга кўмир етказиб бериш муҳим вазифалардан бири саналган. Сабаби, аҳолимизни совуқ кунларда беталофатсиз ўтказиб олишда ушбу саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижасини беради.

Президент Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишар экан, мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли ўсиши билан энергия қувватларига талаб ошиб бораётганини таъкидлаб,  бу эҳтиёжни таъминлаш учун барча манбалар қатори кўмир қазиб олиш ҳажми ҳам кенгайтирилаётганини,  охирги беш йилда бу кўрсаткич йилига 4 миллион тоннадан 5 миллион 300 минг тоннага оширилганини айтиб ўтди.

Юртимиз ҳудудида қарийб 2 миллиард тонна кўмир захиралари мавжуд ва бу захиралардан унумли фойдаланишда барча имкониятларни ишга солиш зарур. Хусусан, жорий йилда “Шарғункўмир” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш лойиҳаси якунланади. Бунинг эвазига юртимизда юқори сифатли кўмир қазиб олиш қуввати 900 минг тоннагача ошади.

Президентимиз томонидан “Шарғун” ва “Бойсун” конларини  ўзлаштириш орқали юқори сифатли кўмир ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имконияти борлигини кўрсатиб ўтилди. Бу конларга инвесторларни жалб қилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги белгиланди.

Юртимиз тоғ-кон саноати ривожида яна бир муҳим манба ҳисобланган “Навоийуран” давлат корхонасида уран қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини ошириш бўйича 2022 йил 14 июлда Президент қарори қабул қилинган эди. Хусусан, уни қазиб чиқаришни 2030 йилгача 2 баробарга ошириб, 7,1 минг тоннага етказиш чоралари белгиланган.

Йиғилишда Франциянинг “Orano Mining” компанияси билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича маълумот берилди. Президент ушбу ҳамкорлик доирасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, қўшимча янги конларни аниқлаш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Хулоса шуки, мамлакатимизда халқимиз эҳтиёжини таъминлаш учун етарли ер ости бойликларига эга. Ундан самарали фойдалансак, қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда жойларга етказиб бериш тизимини оқилона йўлга қўйсак, юзага келаётган муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади. Зеро, юртимиз ер ости бойликлари халқ мулкидир.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    426
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+