Саноатда 14 фоиз самарадорликка эришиш имконияти мавжуд

13.01.2023, 11:22

Саноатда 14 фоиз самарадорликка эришиш имконияти мавжуд

Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти саноат ишлаб чиқариши билан чамбарчас боғлиқ. Бугун дунёда саноати жадал ривожланган мамлакатлар мисолида буни яққол кўриб турибмиз. Мамлакатимизда ҳам саноат соҳасининг барча тармоқларини изчил ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ютуқлар ҳам бор, аммо ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Шу йил 10 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноатни ривожлантириш ҳамда қўшимча захираларни аниқлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан бу ҳақда айтиб ўтилди. Тўғри, соҳага зарур шароит яратиш мақсадида сўнгги йилларда 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилди. Уларнинг инфратузилмасига 10 триллион сўм йўналтирилди. Натижада охирги беш йилда саноат корхоналари сони 2 баробар кўпайиб, 100 мингтага етди, ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 бараварга кўпайди.

Аммо йиғилишда бу натижалар мамлакатимизда санаотни изчил тараққий эттириш учун мавжуд имкониятларимиз  даражасидан паст эканлиги таъкидланди. Хусусан, 2022 йилда Навоий, Бухоро ва Тошкент вилоятларида саноат ўсиши талаблар даражасида эмас. Ёки Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмда ип-калавани қайта ишлаш даражаси пастлигича қолмоқда. Наманган, Самарқанд ва Навоийда озиқ-овқат, чарм-пойабзал, мебель ишлаб чиқариш салоҳияти етарлича ишга солинмаган.

Мазкур муаммоларни ҳал этиш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев 4 та имкониятдан фойдаланиш бўйича топшириқ берди. Асосан, тижорат банкларида корхоналарга кредит ажратиш учун қўшимча 55 триллион сўм ресурс ажратиш, 2023 йилда саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари инфратузилмаси учун 1,7 триллион сўм йўналтириш,  60 та туманга 27 турдаги солиқ имтиёзи, субсидия ва преференциялар бериш ҳамда 2023 йилда тўқимачилик лойиҳаларига қўшимча 300 миллион доллар ажратиш орқали саноат ишлаб чиқаришида юқори самрадорликка эришиш таъкидлаб ўтилди.

Мамлакатимизда барча манбалар эвазига жорий йилда саноатни 14 фоизга ошириш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди. Зотан, давлат раҳбари томонидан муаммолар очиқ айтиб ўтилар экан, саноат соҳасидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланишда, ишлаб чиқаришга инвестицияларни жалб этишни кўпайтиришда нафақат соҳага дахлдор раҳбарлар балки кенг жамоатчилик ҳам ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Айтмоқчиманки, жойларда маҳаллий ҳокимликлар, жамоат бирлашмалари, депутат ва сенаторлар масалани чуқур ўрганиб, тўсиқ ва камчиликларни кўтариб чиқишлари зарур. Мамлакатда саноат ишлаб чиқаришини жадал ривожлантиришда ҳар бир киши масъул эканини унутмаслигимиз керак.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    463
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+