Ижро, назорат, натижа

13.01.2023, 11:45

Ижро, назорат, натижа

Парламент ва маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида қабул қилинаётган қонунлар, қарорлар ва Давлат Дастурларининг ижросини назорат қилиш муҳим ўрин тутади. Қолаверса, дастурлар ижросининг натижадорлиги  ижро назоратининг қанчалик самарали ташкил этилишига ҳам боғлиқ. Албатта, бунинг учун дастурларда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, уни молиялаштириш манбаалари, ижро муддатлари ва ижрочилар аниқ  белгиланган бўлиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2023 — 2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва қарор билан тасдиқланган Дастурни ижро учун ҳам назорат учун ҳам вазифалар, уни молиялаштириш манбаалари, ижро муддатлари ва ижрочилар аниқ  белгиланган ҳуқуқий асос сифатида кўришимиз мумкин.

Дастурда Республика иқтисодиёти тармоқларини жадал ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, инвестиция жараёнларини жадаллаштириш ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, шунингдек, жойларда юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган вазифалар аниқ белгилаб қўйилган.

Ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига замонавий технологияларни жорий этиш вазифалари аввало етарли энергия таъминотини тақозо этади. Дастурда Энергетика вазирлиги томонидан муқобил электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун республикамиз бўйича 17 та лойиҳани яъни иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш белгиланиб, уларнинг умумий қуввати 9162 МВтни ташкил этади. Шундан ҳозирда 11 та лойиҳада қурилиш ишлари бошланган, 2927 МВтли 6 та электр станциялари жорий йил ишга тушади.

“Иссиқлик электр станциялари” Акциядорлик жамияти томонидан Толимаржон, Тошкент ва Навоий иссиқлик электр станцияларига 3 та янги буғ-газ қурилмаларини хамда 2 та газ турбиналарини қуриш орқали қўшимча 1614 МВт электр энергияси олинади. “Ўзбекгидроэнерго” Акциядорлик жамияти томонидан эса умумий қуввати 545,9 МВтли 6 та ГЭСлар (гидро-электро станциялар) қурилиши давом эттирилмоқда.  Жумладан, Булоқбоши туманидаги 3-Жанубий Фарғона каналида қурилаётган ГЭСлар каскади 2024 йилдан энергия бера бошлайди.

Дастурдаги аҳоли учун ҳам, саноат учун ҳам энг долзарб ва муҳим бўлган электр энергия таъминоти бўйича белгиланган вазифалар ижросининг партиямиз ва депутатларимиз томонидан доимий назорат қилиниши  дастурнинг самарали ижроси ва натижадорлигини таъминлайди.

Тўлқин Каримов

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    381
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+