Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч

13.01.2023, 12:07

Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч

Жонажон Ватанимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб, шарафли ва муқаддас бурчни мардонавар адо этаётган ҳарбий йигитларимизни қанча ардоқласак, шунча кам. Чунки юртимиз осмонининг мусаффолиги, тинчлигимиз, хотиржамлигимиз ва юртимиз тараққиёти негизида шу мард ва жасур ўғлонларимизнинг тунлари мижжа қоқмай постларида сергак туришлари мужассамдир.

Бу йил Қуролли Кучларимиз ташкил топганига 31 йил тўлди. Бу улуғ сана мамлакатимизда ўзгача шоду хуррамлик билан тантана қилинмоқда. Мактаблар, лицейлар, олий ўқув юртлари, ҳарбий қисмлар ва меҳнат жамоаларида ўтказилаётган байромана тадбирлар ҳар бир ёш йигит ва қизларда юртга муҳаббат ҳисларини уйғотмоқда.

Бинобарин, ҳарбий куч-қудратимизни мустаҳкамлаш, қурол-аслаҳа, ҳарбий техникалар заҳирасини яратиш ва Армиямиз куч-қудратини юксалтириш масалалари Юртбошимиз томонидан олға сурилаётган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топган. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида ҳам дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни изчил давом эттиришга эътибор қаратдилар. Бундан кейин ҳам асосий эътиборимизни Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилиши таъкидладилар.

Бу борада Миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилади.

Мурожаатномадаги қуйидаги сўзлар биз учун ўзига хос дастуриламал бўлмоғи керак: “Энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик!

Шу мақсадда биз ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Қуролли Кучларимиз ташкил топган кунга 31 йил тўлиши муносабати билан самимий муборакбод этаман.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракция аъзоси.

  • Кўрилди
    462
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+