Ўзбекистоннинг ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини илгари суришга қаратилган ташаббуслари

13.01.2023, 16:16

Ўзбекистоннинг ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини илгари суришга қаратилган ташаббуслари

Ҳиндистонда “Бир овоз, бир мақсад” шиори остида “Глобал Жануб овози” онлайн-саммити бўлиб ўтди. 120 давлат вакиллари иштирок этган саммит Глобал Жануб мамлакатларини умумий платформада ўзаро фикр алмашиш ва устувор йўналишларни белгилаш учун бирлаштириш мақсадида ўтказилди. Тадбирда Вьетнам Республикаси Президенти Нгуен Суан Фук, Гайана Республикаси Президенти Муҳаммад Ирфон Али, Мозамбик Республикаси Президенти Филипе Ньюси, Сенегал Республикаси Президенти Маки Салл, Бангладеш Халқ Республикаси Бош вазири Шайх Хасина, Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ, Таиланд Қироллиги Бош вазири Прают Чан Оча, Камбоджа Қироллиги Бош вазири Хун Сен ва Папуа - Янги Гвинея Мустақил Давлати Бош вазири Жеймс Марапе ва бошқалар иштирок этди.

Халқаро ҳамжамиятнинг ушбу саммитга бўлган қизиқиши Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”ка (G20) раислиги барча мамлакатларга ўз ғоялари ва мақсадларини баҳам кўриш имконини бераётгани билан ифодаланмоқда. Бундан аввал Бош вазир Нарендра Моди Ҳиндистон раислиги нафақат G20даги ҳамкорлар, балки овози кўпинча эътиборсиз қоладиган Глобал Жануб давлатлари билан ҳам маслаҳатлашган ҳолда шакллантирилишини таъкидлаган эди.

Кун тартибига мувофиқ, инсон манфаатларига йўналтирилган барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди. Ривожланаётган мамлакатларнинг манфаатларини илгари суриш ва долзарб муаммоларини ҳал қилиш мақсадида, шу жумладан иқтисодиёт, экология, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш, инновациялар, туризм ва бошқа йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр ва аниқ таклифлар алмашилди.

Замонамизнинг мавжуд муаммоларини биргаликда муҳокама килишнинг долзарблиги бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти турли қарама-қаршилик ва зиддиятларнинг кескинлашуви, иқтисодий инқирознинг салбий оқибатларига дуч келаётгани билан боғлиқ. Шу билан бирга, халқаро муносабатларда очиқ мулоқот ва ўзаро ишончнинг тобора камайиб бораётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи саммит иштирокчиларининг алоҳида эътиборини тортди. Давлатимиз раҳбари бугунги халқаро вазиятда кузатилаётган долзарб тенденцияларга баҳо бериб, ривожланаётган мамлакатлар олдида турган асосий устувор вазифалар борасида фикр билдирди. 

Президентимиз, энг аввало, халқаро савдо тизимини “Глобал Жануб овози”ни эътиборга олган ҳолда янада такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Асосий бозорларга чиқишда ҳамон турли тўсиқ ва чекловларга дуч келаётган ривожланаётган мамлакатларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратилиши лозим.

Ривожланаётган давлатларнинг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, глобал логистика ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, инвестиция ва энг замонавий технологияларни жалб этишда кўмаклашиш масалалари жаҳон саммити кун тартибидан ўрин олиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Яна бир стратегик масала – “Шимол-Жануб” халқаро йўлаги доирасида Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган, Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқадиган темир йўлни қуриш лойиҳасини фаол илгари суриш. “Яшил” иқтисодиётга ўтиш шароитида тараққий этган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги катта технологик фарқ ўсиб бораётганига жиддий эътибор қаратиш лозим. Шу муносабат билан Ўзбекистон жаҳоннинг етакчи давлатлари кўмагида “Глобал Жануб” учун “яшил” технология ва инновациялар ахборот банкини яратишни таклиф қилмоқда.

Глобал миқёсда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон илгари сураётган Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро мулоқот гуруҳини шакллантириш таклифини қўллаб-қувватлашга чақирди. Президентимиз инсон капиталини ривожлантириш ва профессионал таълим сифатини ошириш каби долзарб масалага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бу иқтидорли ёшларни иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, муқобил энергетика, рақамлаштириш ва бошқа устувор соҳалардаги миллий ва халқаро дастурларни ишлаб чиқишга кенг жалб этиш билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев “Жануб ёшлари овози” доимий мулоқот платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Ҳиндистоннинг ривожланаётган мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва самарали алоқаларни мустаҳкамлашдаги фаол ўрни ва ролини алоҳида таъкидлаб ўтди. Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилди ва халқларимизнинг умумий манфаатларига хизмат қилмоқда.

Масалан, Ўзбекистон ахборот коммуникациялари ва технологиялар соҳасида жаҳон етакчиларидан бири бўлган Ҳиндистон билан илм-фан соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Бугунги кунда Ҳиндистон дастурлаш ва IT-аутсорсинг бўйича жаҳон бозорида етакчи ўриндадир. Бу мамлакатимиз учун ҳам катта амалий аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, Ҳиндистон FinTechнинг юқори даражасини дунёга олиб чиқишда катта муваффақиятларга эришди. Бу энг тез ривожланаётган молиявий технология бозорларидан биридир. Ҳиндистоннинг FinTech бозори 31 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу кўрсаткич ўртача йиллик ўсиш сурати 22% фоизни ташкил этган ҳолда 2025 йилга бориб 84 миллиард долларгача кўтарилиши кутилмоқда.

Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида тўғридан-тўғри қуруқлик орқали транспорт йўли йўқлиги мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг жадал ривожланишидаги асосий тўсиқ ҳисобланади. Бу борада Эроннинг “Чобаҳор” порти орқали ўтадиган йўлак катта истиқболларни очмоқда. Бу порт орқали юкларни транзит қилишни “Тошкент – Марв – Машҳад – Бафқ – Чобаҳор” маршрути орқали амалга ошириш ва кейин денгиз транспорти орқали Жануби-шарқий Осиё ва Форз кўрфази мамлакатларига етказиб бериш мумкин.

Бу йўлак, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга, иккинчидан, Марказий Осиё давлатларининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Мутахассисларнинг фикрича, Чобаҳор порти орқали ўтадиган савдо йўли товарларни экспорт қилиш харажатларини 60 фоизга ҳамда Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш муддатини 50 фоизга қисқартириш имконини беради. Натижада товарларнинг рақобатбардошлиги ошади. Бу ҳам Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур шарт-шароит яратади.

Бир сўз билан айтганда, коронавирус пандемияси, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги масалалари ҳамда экологик муаммолар глобал тараққиётнинг истиқболларига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Глобал Жануб овози” онлайн-саммити каби йирик халқаро анжуманлар, унда билдирилган фикрлар, жумладан Ўзбекистон ташаббусларига асосланган таклифлар ривожланаётган мамлакатларнинг манфаатларини илгари суришга, инсон манфаатига йўналтирилган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари, 

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    404
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+