Навоийлик фаолларимиз томонидан иссиқ овқатлар тарқатилди

17.01.2023, 13:09

Навоийлик фаолларимиз томонидан иссиқ овқатлар тарқатилди

Юртимизда кузатилаётган об-ҳаво инжиқликлари халқимизнинг бирдамлигини кўрсатмоқда. Ҳарорат совуқлигига қарамасдан жавлон уриб меҳнат қилаётганларга  иссиқ овқат ҳамда қийналиб қолган оилаларга озиқ-овқат тарқатилмоқда. Шундай хайрли ишлар Навоий вилояти Кармана туманида ҳам ташкил этилди.

O'zLiDeP Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилоти ходимлари, Халқ депутатлари Кармана туман кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Ю.Муродов билан биргаликда “меҳр-саховат улашиш” акцияси доирасида ҳудуддаги бир қанча муассасаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ўзбек миллий таоми ош тарқатилди.

Дастлабки манзил Навоий шаҳар “Тинчлик” МФЙ ҳудудида жойлашган доимий яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда оиласида ногиронлиги мавжуд бўлган оила хонадонлари бўлди. Бу ерда истиқомат қилаётган 30 нафардан ортиқ оиланинг ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Кейинги манзил Кармана тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли Тез тиббий ёрдам бўлимида хизмат қилаётган ҳамшира ва шифокорлар ҳамда қозонхона хизматчиларига иссиқ овқат ва қайноқ қаҳва тарқатилди.

Шу кеча кундузда табиатнинг ноқулай совуқ об-ҳавоси ҳукмрон бўлиб турган бир шароитда аҳолига электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш соҳа ходимлари гарданига улкан вазифа юкланган. Партия фаоллари ўтказилган акция давомида Кармана туман Электр тармоқлари корхонасида фаолият юритаётган штаб навбатчилигида бўлган ходимлар билан учрашиб улар учун текин тушлик ташкил этилди.

Сўнгги манзил Кармана тумани “Арғун” МФЙда истиқомат қилаётган оила хонадони бўлди. Бу хонадонда 2 та туғма нуқсони бор ногирон истиқомат қилади. Уларга партия фаоллари томонидан дори-дармон ва  озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Бундай инсонпарвар тадбирлар ҳудудлар бўйлаб кенг ёйилиб, анъанага айланиб бормоқда.

O'zLiDeP Навоий вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

 

  • Кўрилди
    447
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+