Ёшлар парламентига сайлов ўтказиш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди
19.01.2023, 16:32

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайлов ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур сайловни ўтказишдан мақсад ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Конституциямиз ва амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда парламент фаолиятига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, парламентда Партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, йигит ва қизларни ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали ватанга, ўз халқига садоқат туйғусини шакллантиришдан иборатдир.
Йиғилишда мазкур сайловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, шартлари, низоми, мақсад ва вазифалари, уни тарғиботи борасида аниқ кўрсатмалар берилди.
Унга мувофиқ Ёшлар парламентига сайлов жараёнида ёшларнинг тўлақонли ва самарали иштирокини таъминлашда марказий ва ҳудудий сайловолди штаблари ташкил этилади ҳамда сайловни очиқ, ошкора ва холисона ўтказиш мақсадида партия Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) Кенгашларида Ташкилий қўмита ва Ҳакамлар хайъати йўлга қўйилади.
Шунингдек, мазкур сайлов бўйича “Ёшлар қаноти” фаоллари ва партиянинг тегишли бўлимлари ходимлари учун ўқувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби қуйидагилардан иборат.
Биринчидан, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгаш раислари зиммасига юклатилади. Улар сайловнинг ташкилий масалаларига оид ҳужжатларни, ташкилий қўмита аъзолари тасдиқлайди.
Иккинчидан, сайлов икки ярим йилда 1 маротаба 3 босқичда ўтказилади.
1-босқич - тегишли округдаги туманларда саралаш орқали ташкил қилинади (23 январь - 6 февраль оралиғида);
2-босқич - партиянинг вилоят кенгаши миқёсида ўтказилади (6 – 15 февраль оралиғида);
3-босқич – яъни якуний (республика) босқичи (15 – 22 февраль оралиғида) ўтказилиши режалаштирилган.
Йиғилиш якунида Ёшлар парламентига сайловни жойларда самарали ташкил қилиш, ижобий натижаларга эришиш, сайловларни очиқ, ошкора руҳда ташкил қилиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ўхшаш янгиликлар
-
O‘zLiDeP Президент Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди
21.12.2022, 14:51
-
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
09.11.2022, 12:34
-
Президентимизнинг Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан келиб чиқувчи O’zLiDeP олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди
25.08.2022, 17:40
-
O‘zLiDeP Президентимизнинг Конституция такомиллаштирилиши бўйича таклифлари аҳамияти юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларига киришди
21.06.2022, 17:41
-
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
04.06.2022, 12:29
Фикрингизни қолдиринг