Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо

23.01.2023, 17:15

Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо

“Сиз менга ёшларингизни кўрсатинг, мен сизга келажагингизги айтиб бераман”, – деб айтганда донишманд ҳақ эди. Чунки, ҳар қандай мамлакатнинг ёрқин келажагини билимли, иқтидорли, дунёвий илм-фан асосларини, касб-ҳунар сирларини мукаммал эгаллаган, юксак маънавиятли авлод белгилайди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил 20 декабрда Парламентга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида таълим масаласига тўхталиб, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, – деган сўзлари депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак, деб таъкидлаган ва таълим соҳасидаги устивор вазифаларни қайд этиб ўтган эди. Мурожаатномада мактаб ўқувчиларини камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш устувор вазифа этиб белгиланганди.

Таълим-тарбия масаласи – фарзандларимиз келажаги билан узвий боғлиқ бўлгани боис, Мурожаатномада айтилган фикрлар, илгари сурилган ташаббуслар нафақат соҳа ходимларини, балки мамлакатимиздаги ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмади.

Жорий йил 20 январь куни давлатимиз раҳбари ҳузурида мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, таълимга, ўқитувчиларга эътибор ошди, олий таълимда қабул сони ва йўналишлар кўпайди. Лекин, мактаблардаги сифат ҳали талаб даражасига чиққани йўқ. Масалан, 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилини мукаммал билмайди. Шароит ва мутахассислар йўқлиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаган. Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда.

– Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо, – деб таъкидлади Президентимиз.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, айни пайтда ҳар бир вилоятдан биттадан шаҳар ва иккитадан туман танлаб олиниб, туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларга мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касблар сир асрорларини ўргатиш кўзда тутилмоқда.

Маҳаллий ҳокимликларга ушбу танлаб олинган мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга ёшлар етакчилари ва тадбиркорлар ҳам жалб этилади, Ёшлар жамғармасидан маблағлар йўналтирилади.

Чет тилларини сифатли ўргатиш учун мактабларга “тил эгаси” бўлган педагоглар жалб қилиш, Президент мактабларининг тил ўргатиш тажрибаси, дарслик ва дастурларини татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бор. Халқимизнинг асрий ва ҳаётий қарашлари асосида шаклланган фалсафий дунёқарашининг ифодаси бўлган ушбу ибора замирида ҳам катта маъно-мазмун мужассам. Шундай экан, бугун Президентимиз ташаббуси билан жамиятимиздаги энг устивор масалага айланган – фарзандлар таълим-тарбиясига барчамиз дахлдормиз. Жойлардаги мактабларда яратилган шароитлар, дарсликлар таъминоти, фарзанадларимизнинг таълим олиши, ўз она тилидан ташқари иккита чет тиллини ўрганиб, аттестат билан биргаликда ўзлари танлаган касб-ҳунар сирлари эгаси бўлиб чиқишлари учун биргина ўқитувчи эмас, балки мамлакат тараққиёти учун жон куйдирадиган ҳар бир инсон – ота-оналар, кенг жамоатчилик баб-баравар масъулдир.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

аппарт раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    867
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+