Халқ вакиллари фаолияти қандай бўлиши керак?

24.01.2023, 09:42

Халқ вакиллари фаолияти қандай бўлиши керак?

Сўнгги олти йилдаги энг асосий ислоҳотларидан бири сиёсий соҳадаги ислоҳотлар ҳисобланади. Бунда, халқ депутатлари Маҳаллий Кенгашлари ва депутатлари фаолиятини алоҳида таъкидлаш муҳим.

Ҳар йили анъанага айланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва халқимизга мурожаатномаларида депутатларга ишонч билдирилиб, кўплаб масъулиятли йўналишларни назорат қилиш топширилди.

Мурожаатномада тараққиётимизнинг муҳим йўналишларини нафақат назорат қилиш балки, инсон қадри учун амалга оширилаётган ислоҳотларда бош-қош бўлиш масалалари қўйилди.

Энг аввало, сифатли таълимни таъминлаш, таълим тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш масаласи 2023 йилнинг устувор вазифаси сифатида белгиланмоқда.

Жорий йилда депутатларимиз томонидан ҳар бир таълим муассасаларидаги ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилиши, боғча ва мактабларимиздаги, олигоҳ ва нодавлат таълим ташкилотларидаги муаммолар ўрганилади.

Аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли идоралар билан биргаликда йўл хариталари ишлаб чиқилади ва ижроси назоратга олинади.

Сифатли таълимни таъминлаш юзасидан юртимиздаги энг намунали таълим ташкилотлари тажрибалари ўрганилиши ҳамда замонавий хорижий тажрибаларни жорий қилиш масалалари бўйича асослантирилган таклифлар амалиётга жорий этилади.

Шу билан бирга, аҳолимиз ва ёш авлод ўртасида билим олиш, илм ўрганиш, устозларни эъзозлаш, инсон капиталини ривожлантиришнинг жамият тараққиётидаги ўрнини тушунтириш йўналишидаги тарғибот-ташвиқот ишларида фаол бўлиш ҳам жуда зарур.

Жамиятимиздаги энг разил иллат бўлган коррупцияни олдини олишда ҳам депутатлар фаоллиги жуда муҳим аҳамият касб этади.

Бунда, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотлар томонидан давлат харидларини амалга оширишда коррупция ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун, депутатлар томонидан қатъий ва мунтазам жамоатчилик назоратини таъминланади.

Мазкур йўналишда депутатлар ўз округларида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган қурилиш объектларида сарфланаётган ҳар бир сўм пулни мақсадли ва манзилли ишлатилишини назорат қилади.

Мурожаатномадаги муҳим йўналишлардан бири энергия самарадорлиги, энергия ресурсларини тежаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатилишини кенгайтириш йўналишидир.

Жорий йил қиш мавсуми бу борада камчиликларимизни кўрсатиши билан бирга, келгусида қандай йўл тутишимиз лозимлигини ҳам белгилаб берди.

Энергия борасида сўз борганда энг аввал уни тежаш масаласида аниқ тадбирлар ишлаб чиқиб, аҳолига ва улгуржи истеъмолчиларга тушунтириш зарур.

Энергия тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш ва энергия самарадорлигига эришиш юзасидан қатъий жамоатчилик назоратини таъминлаш, ушбу ишлар натижадорлигини оширишга хизмат қилади.

Энг асосий масала, қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкилотлар ва аҳоли ўртасида ўрнатилишини кенг жорий қилишдир.

Бу борада, вазифалар аниқ, қайта тикланувчи энергия манбаси ускунаси ўрнатувчиларни аниқлаш, молиявий манбасини ҳал этиш, етказиб берувчиларни топиш ва жараённи амалга ошириш.

Аҳоли ва тадбиркорлар учун қайта тикланувчи энергия манбаси ускуналари кўргазмаларини ҳудудларда ташкил қилиш катта самара беради.

Кўргазмаларда тижорат банкларининг фаол иштироки таъминланиши муҳим, банклар томонидан истеъмолчиларга кредит ажратиш масалалари тезкор ҳал этиши ҳисобига юқори натижадорликка эришилади.

Қайта тикланувчи энергия манбасини жорий қилиш, асосий тармоққа юкламани камайтириш билан бирга, қўшимча энергия олиш имконини яратади.

Давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар ва имтиёзларни жамоатчиликка етказишда ҳам депутатлар томонидан юқори фаоллик талаб этилади.

Ҳулоса қилиб айтганда, “Президент мурожаатномаси” институти нафақат ислоҳотларни амалга ошириш воситаси, балки, депутатлик тузилмаларининг ҳам Ватан тараққиётига хизмат қилиш асосларини мустаҳкамламоқда.

Бахтиёр Рухитдинов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири,

Халқ депутатлари Паркент туман Кенгаши депутати

 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    470
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+