Фермерлар ва кластерлар ўртасида шартномавий муносабатлар такомиллашади

24.01.2023, 17:51

Фермерлар ва кластерлар ўртасида шартномавий муносабатлар такомиллашади

Фермер ва кластер мисоли эт билан тирноқ. Чунки улар ўртасидаги муносабатга дарз кетса, узвийлик йўқолади, иқтисодий “занжир” узилади. Албатта, чигит экишдан тортиб, уни то тайёр маҳсулотга айлангунча бўлган жараён бу ҳамкорликдан куч олади, қувват олади. Шу боис, бу чамбарчас боғлиқликка путир етишига йўл қўймаслик лозим. Шу йилнинг 23 январь куни давлатимиз раҳбари пахта етиштиришни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда ҳам айнан мазкур масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда кластер ва фермерларни қийнаётган муаммолар мавжудлиги таъкидланиб, жумладан, қўшилган қиймат солиғини ўз вақтида тўламаганлиги сабабли фермер хўжаликларида пеня қарздорлиги вужудга келганлиги, 7 мингта фермер пахта майдонларини насослар орқали суғоришга мажбур бўлаётгани танқид остига олинди.
Бундан ташқари, Фючерс шартномалари тузишнинг охирги муддати белгиланмаганлиги, шартномаларни рўйхатга олиш бўйича шаффоф тизим йўқлиги айтиб ўтилди. Соҳадаги шу каби муаммолар муҳокама қилиниб, зарур чоралар белгиланди. Хусусан, пахта майдонларини насос билан суғориш учун кетган электр энергияси харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилиши борасида таклифлар маъқулланди.

Ўтган йили ички бозорда минерал ўғит нархи ўртача 50 фоизга ошиб, танқислик юзага келган эди. Шу боис минерал ўғитларга божхона имтиёзларини яна 3 йилга узайтириш таклифи билдирилди. Кластер ва фермерлар ўртасидаги шартномаларни тартибга солиш ҳамда ҳисоб-китобларни жойига қўйиш, пахта ва ғалла етиштиришни мувофиқлаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берилди. Қўшилган қиймат солиғини ўз вақтида тўламаганлик учун фермер хўжаликларига ҳисобланган пенялар, истисно тариқасида, ҳисобдан чиқарилиши белгиланди. Пахтачилик йўналишидаги илмий институтларни ишга солиб, чет элларда қўлланилаётган унумдор ва кам сув талаб қилувчи навлар маҳаллийлаштирилади.

Шу билан барга 400 миллион долларлик 600 та лойиҳа ишга туширилиши, қўшимча 185 минг тонна сақлаш ва қайта ишлаш қувватлари ҳамда 33 та туманда агрохизмат марказлари ташкил этилиши айтилди.

Ипакчилик саноатида 3 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрланиб, қарийб 110 миллион долларлик экспорт қилинмоқда. Лекин бу тармоқда салоҳият янада катта. Шу боис Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига бу йил 26 минг тонна пилла, 1,3 миллион дона қоракўл териси ва 40 минг тонна жун ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари 300 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ўрнатиш, 200 минг гектар ерни лазерли текислаш режалаштирилган. 100 минг гектар экин ерларини тақсимлаб, 2 миллиондан зиёд аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан. Бу асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етарли бўлиб, бозорларда нарх-наво барқарор бўлишида ҳам аҳамиятга эга.

Албатта, юртимизда озиқ-овқат саноатида олий ва ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж ниҳоятда катта. Бундай мутахассислар етишмайди ва борлари ҳам бошқа соҳаларга ўтиб кетган. Шу боис, хорижий давлатлар тажрибаси асосида бу соҳада янги институт ташкил этиш таклифи маъқулланди. Энг муҳими, қишлоқ хўжалиги соҳасига аҳамият қаратилётгани айни бугунги глобаллашув даврида жуда зарур. Чунки элнинг тўқлиги, юртнинг тўкинлиги ва мамлакат иқтисодиётининг равнақи қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлиқ.

Актам Хаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    330
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+