Нон азиз, инсон қадри эса ундан ҳам азизроқдир!

25.01.2023, 12:29

Нон азиз, инсон қадри эса ундан ҳам азизроқдир!

Кеча тонгдан кун ярмигача ижтимоий тармоқда O‘zLiDePнинг Хоразмдаги фаоллари томонидан уюштирилган хайрия амаллари акс этган суратлар орасидан юлиб олинган битта расм роса «дўмбира» қилиб чалинди. Умрида битта бемор ё муҳтож қўшнисини иккита нон кўтариб зиёрат қилмаган блогериям, нуқул хайру саховат бобида бобиллаб юрадиган туппа-тузук зиёлилар ҳам, хуллас, куну тун «ўлди-сўйди, зўрлади»дан бўшамайдиган сайту телеграмчи «обуна теримчи»ларни қўяверинг. Ўзларича ана шу нуфузли партия раисидан тортиб, унинг оддий аъзосигача, хуллас, ҳаммани роса «оббориб-обкелишди»... Қойил деворасан киши. Қанийди, бошқа савобли ишлардаям ана шундай «оммавий» уюшишса, қанча қувонган бўлардик. Буларга аслида нон баҳона холос, уларнинг «нони» бошқа ёқда, қандай қилиб бўлса-да, оммани чалғитса, сохта пиар орқали хайп ясаса.

Тўғри, «аномал» деган, лекин халқона ибора билан айтганда, қорасовуқда қийналиб қолган, меҳр-мурувватга муҳтож оилалар, бемор ва кексалар ҳолидан хабар олиш мамлакат миқёсида оммавий тус олди. Бунинг нимаси ёмон, айтинг? Бу бирор қарор ё буйруқ асосида қилинмаяпти. Тўғри, балки бирор давлатми ё нодавлатми, ташкилотнинг раҳбари ходимларига ҳой, барака топгурлар, қўни-қўшни, маҳалладошларимизни шундай синовли кунларда бир йўқлаб қўйсак бўлар, дегандир. Буям одамгарчилик юзасидан қилинадиган иш-ку аслида.

Кечаги ҳолат Хоразмнинг Ҳазорасп туманида бўлган экан. Айнан ана шу хайрли ишга бош-қош бўлган партия фаолининг изоҳ беришича, улар яшайдиган маҳаллада (яқинда Тошкентда оммавий равишда ош тарқатиш маросимлари уюштирилганида оғзидан бол томиб мақтаганларам бор анави пиарчилар орасида) дошқозонда ош пиширилиб тарқатилибди. Ва табиийки, эҳтиёжманд хонадонларга палов билан бирга турли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бир-икки юз килодан кўмир ҳам берилибди. Бор гап шу. Ижтимоий тармоқлар(ёқамни ушлаб қолдим: нега демайсизми, бир ёқда она тилимиз, тиббиётдаги ёвузликлар,  ёки бўлмаса неча марталаб қайта-қайта босилиб-ёпилиб ётган мактаб дарсликлари, топталаётган қадриятлар бир зумда унутилиб, шимолий минтақадаги чекка қишлоқда саховат уруғи сепилаётган маназарадан биттагина кадр юлиб олиниб...муҳокама қилинаётгани қайси мантиққа тўғри келади?!

Ақли расо одам ўзбекчиликни тушунади. Қани айтинглар, қай биримиз танишми-нотанишми хонадонга кираётган бўлсак, дарвозадан югуриб чиққан болакайга бирор ширинлик ё пул узатмаганмизми? Ё аёлларимиз исталган хонадонга бўш қўл билан нонсиз кирганини ким эслайди? Яна хоразмлик қўли очиқ инсонларни қоралаб, уялмай-нетмай ёзмаган, айтмаган шунча маломат, ҳақоратлар қайси инсоний қоидага тўғри келади? 

Ижтимоий тармоқда «нон-нон» дея дод солган шов-шувчилар, яқиндагина қайсидир ҳоким ё вазир ёрдам сўраб мурожаат этган бемор ётган палатагача туфлиси билан кириб борганида телеэкрану сайт ва каналларингизда овоза қилмаганмидингиз? Ёки қайсидир номдор тадбиркор ё нефт-газ тармоғи идораси, ё урилиб-сурилиб яна саҳнани бермаётган қайсидир бойроқ артист кўчадами, данғиллама уйидами, гўёки бирор хайрия акцияси ўтказса, ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек «навбатчи» кунда-шунда блогерлару айфон кўтарган «хабаркуш»лар бостириб бориб ҳаммаёқда шов-шув кўтараётганингиз ёлғонми?

Ўйламанг, шахсан мен бу постим билан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси шаънини ҳимоя қилаётганим йўқ. У менинг ҳимоямга муҳтож ҳам эмас. Мен бор-йўғи азалий қадриятларимиздан бири бўлмиш оддийгина САХОВАТПЕШАЛИК, МЕҲР-МУРУВВАТ деган улуғ урф-одатларимиз топталгани, калака қилингани учун томошабин бўлиб туролмадим.

Оддий ҳақиқат шу: Нон азиз, инсон қадр-қиммати эса ундан ҳам азизроқдир!

Норқобил ЖАЛИЛ,

"XXI asr" газетаси бош муҳаррири,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    892
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+