Ёшлар парламентининг OʼzLiDePдан сайланган аъзолари фаолияти сарҳисоб қилинди
25.01.2023, 15:58

Ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда парламент фаолиятига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, парламентда Партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, эркин фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўладиган ёшларни мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга кенг жалб этиш, йигит ва қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали ватанга, ўз халқига садоқат туйғусини шакллантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Президентимизнинг 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 21-банди ижроси юзасидан “Ёшлар парламенти” ташкил қилиниб, ўтган давр мобайнида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб этиш, қонунларни ёшлар орасида тарғиб қилиш орқали уларнинг жамият ҳаётига дахлдорлигини кучайтириш, ёш авлоднинг сиёсий фаолллигини оширишга хизмат қиладиган муҳим институт сифатида шаклланди.
Хусусан, Ёшлар парламенти томонидан қонун лойиҳаларига ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини инобатга олган ҳолда уларни кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар доирасида муҳокамалардан ўтказиш борасидаги ишлар тизимли ташкил этилди.
Ёшлар парламенти томонидан 2020-2022 йилларда Қонунчилик палатасига киритилган 92 та қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар тайёрланди. Шундан 32 таси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Шунингдек, Ёшлар парламенти аъзолари томонидан республика миқёсида 154 та ўрганиш тадбирлари амалга оширилган бўлса, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва тарғиботига бағишланган 128 та турли тадбирлар, ўқув-семинарлари ва конференцияларда иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2022 йил 12 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори билан Ёшлар парламенти тўғрисидаги Низом ва Регламент тасдиқланди.
Шунингдек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2023 йил 19 январдаги йиғилиши қарорига билан “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланиб Сайловларга старт берилди.
“Yoshlar bilan” лойиҳасининг навбатдаги сонида Ёшлар парламентининг OʼzLiDePдан сайланган аъзолари фаолияти сарҳисоби, мазкур соҳадаги ишлар самарадорлиги, сайлов жараёнлари ва келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган тадбирлар ҳамда уларнинг янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда OʼzLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, партия фаоллари, Ёшлар парламенти аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўхшаш янгиликлар
-
Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти талаба ёшларга тушунтирилди
19.03.2023, 15:03
-
Ёшларга ғамхўрлик қилиш – давлат ва жамият мажбурияти!
19.03.2023, 14:55
-
Депутат талабаларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлади
09.03.2023, 18:28
-
Давлат дастури – ёшлар нигоҳида
09.03.2023, 18:21
-
Самарқанд давлат университети Ургут филиали талаба ёшлари партия ғояларига қизиқиш билдирди
28.02.2023, 18:50
Фикрингизни қолдиринг