O'zLiDeP ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди

25.01.2023, 18:38

O'zLiDeP ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди

Куни кеча мамлакатимиз Энергетика вазирлиги билан  “Газпром” компанияси ўртасида газ соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси”нинг имзолангани  жамоатчилигимизда айрим саволларни туғдирди. Энергетика вазирлигининг шу муносабат билан эълон қилган расмий баёноти асоссиз  тахмин ва саволларга мутлақо ўрин қолдирмайди. Баёнотда маълум қилинишича,  олиб борилган музокаралар ҳамда “йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газни зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ.

Шунингдек, расмий ахборотда  24 январ куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Газпром” компанияси ўртасида музокаралар ўтказилиб, унда Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилингани ва  “йўл харитаси” имзолангани билдирилган. Энергетика вазирлиги Ишчи гуруҳ тузилгани,  Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олинганини ҳам маълум қилди. Ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинишига келишилган. Вазирлик келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатлари тўлиқ ҳимоя қилинган ҳолда амалга оширилиб, натижалари доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилиши ҳақида қатъий позицияни эълон қилган.

Бундан аён бўляптики, давлатимиз, ҳукуматимиз халқимизнинг  табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун зарур барча чораларни кўрмоқда. Муҳими, бу чоралар  мустақиллигимизга ҳеч қандай путур етказмайди, аксинча, иқтисодиётимиз ривожига, мустақиллигимиз мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда партиямиз мазкур саъй-ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлайди, тилга олинган ҳамкорликка хайрихоҳлигини билдиради. O'zLiDeP дастурида ҳам шу сингари масалаларга оид позициямиз аниқ-равшан белгилаб қўйилган: “Биз, энг аввало, халқимиз ва мамлакат манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суришга,  яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар, бутун дунё ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга йўналтирилган ташқи сиёсий фаолиятни қўллаб-қувватлаймиз”.

Актам Хаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари – фракция раҳбари,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.

  • Кўрилди
    1229
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+