Деҳқон хўжаликларига 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади

26.01.2023, 15:02

Деҳқон хўжаликларига 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади

Ўзинг даромад топиб, рўзғоринг тўкин бўлганига не етсин. Бунинг учун томорқадан, деҳқон хўжаликларига ажратилган ерлардан унумли фойдаланишнинг ўзи кифоя. Қолаверса, бир парча ердан катта даромад олиб, рўзғорини гуллатиб қўйганлар қанча. Аммо тан олиш керак, бугунги кунда камбағалликни қисқартириш, ночор ва кам таъминланган оилаларни иш билан банд этиш, ҳунарли қилишда мавжуд ерлардан самарали фойдаланишда баъзи муаммолар кўзга ташланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 25 январь куни камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу масалаларга кўпроқ урғу берилди. Хусусан, деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори илгариги 33 млн. сўмдан 50 млн. сўмгача оширилиши таъкидланди. Яна шу нарсага эътибор қаратилдики, аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади. Илгари бу борада кредит фақат бир марта берилар эди.

Яна бир қулайлик шундан иборатки, кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.

Икки йил ичида аҳолига бериладиган ерлар 200 минг гектардан оширилиши эса аҳоли имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари алоҳида айтиб ўтганидек, бу йил ажратилиши керак бўлган ерларни кўпи ҳали захирага олинмаган, ишлар пала-партиш ташкил қилинаяпти. Маҳалланинг ичидаги кичик-кичик қулай майдонлар қолиб, даланинг ўртасидаги катта ерларни ажратиш ҳолатлари ҳам бор. Бу камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир маҳаллага “уста деҳқонлар”ни жалб қилиб, ушбу ер майдонларида фақат экспортбоп-бозорбоп маҳсулотлар етиштирилишига эътибор қаратиш, ҳар бир туман агрологистика марказлари ва экспортёрлар билан шартномалар тузилишини таъминлаш белгиланди.

Видеоселектор йиғилишида 2023 йилда яна 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди. Буни амалга ошириш мумкинми? Албатта, қилса бўлади, фақат бунинг учун давлат бераётган имтиёз ва қулай бизнес муҳитидан унумли фойдаланиш лозим. Банк мутасаддилари, жойлардаги маҳаллий ҳокимият вакиллари аҳоли билан ишлашда адолат принципларига қатъий амал қилишлари талаб этилади. Энг муҳими, камбағаллик бўсағасида турган аҳоли вакиллари ҳам даромадли бўлишлари учун ҳаракат қилишлари керак. Зеро, бой-бадавлат оила бўлиш, эркин ва фаровон турмуш кечиришни ким ҳам истамайди, дейсиз? Бу фуқаронинг меҳнаткашлигига ва фидойилига ҳам кўп томонлама боғлиқ.

      Барно МИРЗАМОВА,

  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    906
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Og'abek2023-03-15 09:40:17

nech yilga beriladi


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+