Оилавий тадбиркорлик учун 12 триллион сўм ажратилади

26.01.2023, 15:03

Оилавий тадбиркорлик учун 12 триллион сўм ажратилади

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади иш ўринларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартиришдир. Олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад уларни камбағалликдан чиқариш, оиласи бюджетини бойитиш, ишли, ҳунарли қилишга қаратилган. Гап шундаки, камбағалликни қисқартириш бу – ночор оилаларга маблағ ажратиш, оиласи бир четини кўтариб юбориш билан ҳал этиладиган масала эмас. Агар ночор ёки кам таъминланган оилалар тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўзлари моддий неъмат яратмас экан, бу соҳада муайян натижаларга эришиб бўлмайди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 25 январь куни камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан ушбу масалалар кенг муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишларни кўрсатиб ўтди. Аввало, оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилиши таъкидланди. 2022 йилда бу мақсадга қарийб 10 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилган эди. Жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастури учун 12 триллион сўм йўналтирилади. Бундай кредитларнинг энг юқори миқдори ҳам оширилади. Албатта, оилавий тадбиркорлик учун ажратилётган бу кредитлардан фойдаланиб, фуқаролар ўз оиласи бюджетини мустаҳкамлайди, ўзига ҳам, юртга ҳам наф келтиради.

Бандликни таъминлашда яна бир катта манба бу – зироатчилик. Икки йил ичида аҳолига 200 минг гектардан зиёд ер бўлиб берилмоқда. Лекин, айрим жойларда бу ишларга панжа орасидан қараляпти, экинлар плантация усулида экилмаяпти. Шу боис давлатимиз раҳбари ерларни аҳолига қулай жойлардан ажратиш, уларда бозорбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу ерлардан самарали фойдаланиб, 1 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги қайд этилди.

Маълумки, маҳаллаларда 300 та микромарказ ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Президент бундай марказларни кўпайтириб, ишсиз аҳолининг ҳунармандлик ва тадбиркорлик билан шуғулланишига шароит яратиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди. Ишончим комилки, аҳоли бандлигини таъминлаш, кам даромадли кишиларни оилавий тадбиркорликка жалб қилиш борасидаги хайрли ташаббуслар жойларда жадаллик билан амалга оширилса, албатта, муайян натижаларга эришамиз. Бунда пастки бўғиндаги раҳбарлар, депутатлар ва кенг жамоатчилик ҳамкорликда астойдил иш олиб боришлари талаб этилади.

        Ҳазратқул Хўжамқулов,

        Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    437
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+