Ёшлар парламенти олтин захира бўла оладими?

27.01.2023, 12:00

Ёшлар парламенти олтин захира бўла оладими?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланганидан кўпчилик хабардор. Мазкур Низом Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига аъзоларни сайлаш тартибини белгилайди.

Айни пайтда ҳудудий ҳамда туман шаҳар кенгашлари томонидан ҳам сайловни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида ташкилий қўмита тузилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Унга кўра сайлов икки ярим йилда 1 маротаба 3 босқичда ўтказилади.

1-босқич: тегишли округдаги туманларда саралаш босқичи (23 январь – 6 февраль оралиғида);

 2-босқич: партиянинг вилоят кенгашидаги босқичи (6 – 15 февраль оралиғида);

3-босқич: якуний (республика) босқичи (15 – 22 февраль оралиғида).

ЙЎЛ БЕРИНГ, ВОРИСЛАР КЕЛЯПТИ

Рустам ПОШШАЕВ, O‘zLiDeP Ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири:

Низомга кўра, ҳудудий кенгашлар томонидан ташкилий қўмита ва ҳакамлар ҳайъати тузилди. Улар таркибига 5-7 нафардан ёшлар ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатлари, жамоатчилик ташкилоти вакиллари ҳамда партия аппарати ходимлари киритилди.

Бундан мақсад – ёшларни қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб этиш, сайлов ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда парламент фаолиятига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, уларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, парламентда партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, эркин фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўладиган ёшларни мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга кенг жалб этиш, йигит ва қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали ватанга, ўз халқига садоқат туйғусини шакллантиришдан иборат.

Ҳакамлар ҳайъатига ушбу босқичдаги саралаш жараёнида энг фаол номзодларни партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳузуридаги ҳакамлар ҳайъатига тақдим этиши бўйича тушунча ва кўрсатмалар берилди. Ҳайъат ушбу Низом бўйича номзодларни кўриб чиқиб, якуний қарор қабул қилиши каби юксак масъулият юклангани кўрсатиб ўтилди.

Албатта, юртимизда ҳали кашф қилинмаган, ўз иқтидорини юрт равнақи йўлида сафарбар қилишга тайёр миллионлаб ёшлар бисёр. Уларни катта куч сифатида бирлаштиришдек эзгу мақсад бизни юқоридаги каби ташаббусларни амалга оширишга ундайди.

ИШОНЧНИ ОҚЛАШ КЕРАК

Сардор МАРИПОВ, O‘zLiDeP Партия дастурий кўрсатмаларини ишлаб чиқиш ва мафкуравий ишлар бўлими мудири:

 Мажлисда Ёшлар парламенти аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги партия низоми ҳам тасдиқланди. Ёшлар парламентидаги бўлажак вакилларимиз ўз саъй-ҳаракатлари билан партиямиз нуфузини янада юксалтира оладиган, мустақил фикрлайдиган ва ҳаётга теран қарайдиган, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, фидойи ва изланувчан, иқтидорли шахслар бўлмоғи даркор. Зарур билим ва кўникмалар партиянинг турли бўғиндаги ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар, ўқувларда иштирок этиш асносида сайқалланади. “Ёшлар билан” “Ватаним равнақига менинг ҳиссам”, “Ёш ҳуқуқшунос”, “Парламентда менинг ўрним”, “Депутат ва ёшлар”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Тенгдошман”, “O‘zLiDeP ёшларга кўмакдош”, “АйТи революшн”, “Бизнес тур” ва партия “Ёшлар қаноти”нинг бошқа 20 дан зиёд лойиҳалари, танловлари, акцияларининг ҳаммасида бўлмасаям, аксариятида бевосита қатнашаётгани айни муддаодир. Шу ўринда қайд этиш зарурки, O‘zLiDeP дастурий вазифалари амалга оширилишига ёрдам бериш, тарғибот-ташвиқот қила олиши учун ёш сафдошларимиз партия устави, ҳаракат дастури, сайловолди дастурини ҳам яхши билиши зарур. Партиямиз сафларида ана шундай – ҳар жиҳатдан етук, баркамол ёшлар жуда кўп. Муносиблар орасидан энг муносибларининг саралаб олиниши, Ёшлар парламентига аъзо этиб сайланиши партия манфаати янада кенгроқ ифодаланиши, дастурий вазифаларимиз самарали ижро этилишига катта имкониятлар яратади.

БУ ШУНЧАКИ САЙЛОВ ЭМАС

Жамшид ЖАЛОЛОВ, O‘zLiDeP Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири:

Сайлов жараёнининг иккинчи босқичида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига аъзолик учун номзодларнинг қонунчилик соҳасидаги билим ва тажрибаси аниқланади.

Эътибор беринг, бунда номзоднинг давлат бошқаруви асослари, фуқаролик қонунчилиги, меҳнат ва аҳолининг бандлиги тўғрисидаги, тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти бўйича ва шу каби қонунчилик соҳаларини билиш даражаси, шу билан бирга, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлари ҳам баҳоланади.

Бу мезонлар-талабларга жавоб берадиган, мос келадиган номзодлар сараланиши, сайланиши партиямиз нуфузи янада ошиши ва Ёшлар парламенти шунчаки тузилма сифатида эмас, балки навқирон авлодни жамиятнинг сиёсий фаол қатламига айлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

УЛАР САРАЛАНАДИ, САЙЛАНАДИ

Дилрабо САЙДУЛЛАЕВА, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими:

Ёшлар парламенти ташкил этилиши жуда тўғри, ўринли иш бўлди. Бунинг баъзи кўринишлари халқаро тажрибада ҳам мавжуд. Масалан, 2012 йили Лондон шаҳрида бўлганимда ОАВда ёшларнинг нафақат ижтимоий масалалардаги фикрлари, балки сиёсий қарашлари ҳам бериб борилишига, бу чиқишларга “ёшлар фикри” дея катта эътибор қаратилишига гувоҳ бўлганман.

Мана салкам уч йилдирки, Ўзбекистонда сиёсий жараёнларда ёшларнинг нафақат иштироки, балки уларнинг шахсий қарашлари, фикрлари эшитилмоқда. Албатта, ўринли вазиятларда навқирон авлод билан ҳамфикр бўлган давлат албатта катта натижа ва марраларга эришади.

Ёшлар парламентининг мақсадлари белгиланган. Йигит-қизлар ана шу эзгу ниятлар йўлида сараланиб, изланса, интилса, келгусида маҳалласи, тумани, вилояти ва мамлакат корига ярайдиган, барча учун фойдали фикрни умумлаштириб, журъат этиб айта оладиган, сиёсий онги ва билими юқори, турли қонунларни қабул қилиш жараёнларида ҳалқ манфаати учун курашадиган номзодлар шаклланиб боради ва яқин келажакда, ўйлайманки, олтин депутатлик захираси юзага келади.

  • Кўрилди
    831
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+