Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг устувор йўналишлари

27.01.2023, 18:50

Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг устувор йўналишлари

Бугун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли, яхши қўшничилик, очиқ ва прагматик муносабатларни фаоллик билан олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафтада давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлгани фикримиз тасдиғидир.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг стратегик устувор йўналишларидан бири Қирғизистон билан кўп қиррали, кўп босқичли, ўзаро манфаатли ва конструктив мулоқотни йўлга қўйишдан иборатдир.

Сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли сиёсий мулоқот ва ишонч мустаҳкамланмоқда, икки томонлама ҳамкорликнинг барча жабҳалари бўйича кўплаб масалалар ҳал этилмоқда, самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун барча шарт-шароит яратилди.

Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг тор доирадаги мулоқотида кейинги икки йилда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги жуда самарали ривожлангани қайд этилди.

“Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар охирги икки йилда ўзаро муносабатларни мутлақо янги даражага олиб чиқишга эришгани таъкидланди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилгани эса тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.

Музокараларда икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми етти баробарга кўпайганини мамнуният билан қайд этди. Ўтган йилнинг ўзида товар айирбошлаш 30 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларга етди.
Икки мамлакат ҳукуматларига савдо ҳажмини янада ошириш ва ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш юзасидан биргаликда ишлаш бўйича топшириқ берилди.

Саноат, тўқимачилик, энергетика, кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Шу мақсадда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фондининг салоҳияти янада фаол ишга солинади.

Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга ташрифи давомида кўплаб масалалар қамраб олиниши ва эришилган келишувларнинг аҳамияти жиҳатидан икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очади.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг халқаро

ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    436
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+