Давлат бошқаруви тизимининг янада такомиллаштирилиши барча соҳалардаги ислоҳотларимиз муваффақиятини таъминлайди

30.01.2023, 17:26

Давлат бошқаруви тизимининг янада такомиллаштирилиши барча соҳалардаги ислоҳотларимиз муваффақиятини таъминлайди

Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган талай ислоҳотлар  амалга оширилди. Бошқа омиллар қатори мазкур ўзгаришлар ҳам муваффақиятларимизга кенг йўл очди. Лекин тизимни такомиллаштириш борасидаги жараёнлар тўхтамагани, бу борада ҳам хотиржамликка берилиб қолмаганимизни алоҳида қайд этиш зарур. Президентимиз 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган мурожаатномасида шу ҳақда гапириб, янада ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф этганлигини соҳадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин. Мурожаатномада, шунингдек,  илгари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” мақсадида олти йил давомида янги вазирлик ва идоралар ташкил қилингани, эндиликда “қўл бошқаруви”дан — аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, давлат бошқарувининг марказлашиши вазирлик ва идоралар ваколатларининг бир-бирини такрорлаши, агентликларнинг ҳаддан ортиқ кўпайиб кетиши, бюрократиянинг кучайишига сабаб бўлди.

Ана шуларни эътиборга олсак, давлатимиз раҳбарининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 25 январдаги фармони маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган айрим масалаларни тўлиқ ҳал этишга имкон яратиши билан аҳамиятлидир. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар партиямиз дастурий мақсадларига, демакки, электоратимиз манфаатларига ҳамоҳанг.  Зеро, ЎзЛиДеПнинг мазкур йўналишдаги устувор мақсадларидан бири Ўзбекистоннинг  давлат бошқаруви сифати юқори даражага эга, ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилган дунёдаги 30 та давлат қаторига  киришига эришишдир.

Хусусан, фармонда вазирлик ва идоралар раҳбарлари уч ҳафта муддатда ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжати лойиҳасини киритиши шартлиги баён қилиниб, улардан қандай тартиб-тамойиллар ўрин олиши зарурлиги ҳам кўрсатилган. Яъни,  аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг тизимли муаммоларини  ҳал этиш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш талаб қилинмоқда.  Тадбиркорлик субъектлари учун тенг имкониятлар яратиш орқали давлат харидлари жараёнида рақобатни ривожлантириш, жорий йилдан бошлаб вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим ташкилотларининг айрим функцияларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш зарурлиги назарда тутилмоқда. Соҳани ривожлантириш дастурлари учун жалб қилинадиган грант ва техник кўмак маблағларининг прогнози ҳамда унинг аниқ йўналишларини белгилаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш тавсия этилмоқда. Вазирлик ва идораларда ҳамда улар таркибига кирадиган ташкилотлар кесимида коррупция авж олган соҳаларда унинг ривожланиш сабаблари ва шартларини ўрганиш асосида ушбу соҳаларнинг ҳар бирига “ташхис қўйиш” ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш зарурати таъкидланмоқда. Фармонда тизим самарадорлигини оширувчи бошқа кўплаб вазифалар ҳам аниқ, муфассал баён қилинган.

Ушбу муҳим ҳужжат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни зудлик билан ҳал этишга қодир, инновацион ривожланишнинг замонавий, умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини шакллантириш ва модернизация қилиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг фаровонлигини ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатланиш даражасини янада оширишга хизмат қилади. 

Ўз навбатида партиямиз мазкур вазифаларнинг тўлиқ амалга ошишидан ғоят манфаатдор сиёсий куч сифатида фармон ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини изчил амалга оширади. 

Дилшод Шоумаров,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    333
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+