Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги: яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг янги босқичи

31.01.2023, 16:58

Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги: яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг янги босқичи

Президент Шавкат Мирзиёев ташрифининг самарали натижалари Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларидаги юксак даражанинг намунаси бўлганини  алоҳида эътироф этиш жоиз. Ушбу тарихий ташриф ўзбек ва қирғиз халқлари учун жуда катта имкониятлар яратгани эндиликда яққол кўзга ташланиб турибди. Биргина мисол: Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари жорий йилдан бошлаб иккала давлатга ҳам ID-карта орқали ўтишлари мумкин бўлади. Фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди. Ушбу енгиллик исталган транспорт орқали (самолёт, поезд, автомобил, автобус ва ҳк) чегарани кесиб ўтишда амал қилади.

Мазкур тартиб имзоланган ҳужжатлар иккала давлат томонидан тегишли тартибда тасдиқлангандан сўнг кучга киради. Бу тахминан 1-2 ой вақт олиши маълум қилинмоқда.

Ушбу тартиб айниқса, Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари бўлган Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара каби ҳудудларидаги юртдошларимиз учун катта енгиллик бўлади, уларнинг чегарадан ўтишларидаги ортиқча бюрократияга чек қўяди. Эътиборлиси шундаки, бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартиби йўлга қўйилмаган эди. Қирғизистон биринчиси бўлди.

Президентимизнинг Қирғизистонга ташрифи ҳеч муболағасиз замонавий дипломатиянинг том маънодаги ютуғи бўлди. Бўлиб ўтган музокараларда икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларининг муҳокама қилингани қўшни давлат Қирғизистон билан кўп қиррали, ўзаро манфаатли ва конструктив мулоқотни йўлга қўйилганидан далодат беради.

Бундай кездларда аксарият юртдошларимизда бўлганидек, кекса авлод вакилларининг ҳам қалбини шукроналик ҳис - туйғулари қамраб олади. Халқларимиз жуда катта ва чексиз имкониятларга рўбарў бўлиб туришибди. Давлатимиз раҳбарининг оқилона ва доно сиёсати, турли ёшдаги ҳамюртларимизни рози қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари, тегишли Фармон ва Қарорлари, айниқса аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини ҳимоя қилиш борасидаги амалий фаолияти бутун халқимизни мамнун этмоқда. Юртимиздаги ислоҳотлар барчамизни мамлакатимиз равнақи учун қўлимиздан келадиган ишларни бажаришга даъват этиб турибди. O’zLiDeP вилоят Кенгаши ҳузуридаги Фахрийлар Кенгашининг аъзолари,  партиямиз фаоллари қалбларида ҳам ана шундай шукроналик ва фахр-ифтихор ҳис-туйғулари жўш этиб тургани аниқ. Биз бундан кейин ҳам бутун куч-ғайратимизни ёшларимизни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга сафарбар этаверамиз.

Беҳбуд Жумаев,

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳузуридаги

Фахрийлар Кенгаши раиси,

“Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари

учун” ва “Дустлик” орденлари соҳиби 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    332
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+