Пахта етиштирувчилар қўллаб-қувватланади

01.02.2023, 17:05

Пахта етиштирувчилар қўллаб-қувватланади

Бу ҳақида давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 январдаги “Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

Мазкур қарор пахта хом ашёсини етиштирувчи хўжаликлар ҳамда уни қайта ишловчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатни йўлга қўйиш ва улар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадини кўзда тутади.

Президент қарори билан фермер хўжаликларига қуйидаги имкониятлар ва имтиёзлар берилди:

биринчидан, фермерлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасидаги муносабатларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аралашуви қатъиян таъқиқланди. Пахта етиштириш бўйича давлат буюртмаси тўлиқ бекор қилингани боис давлат раҳбари қарорида мустақил хўжалик юритувчи субьектлар фаолиятига арашишга йўл қўйилмаслиги ва жавобгарлик чоралари назарда тутилган;

иккинчидан, ўзаро келишилган фьючерс шартномалари асосида ишлар ташкил этилади. Қарорда ҳар йили 1 октябрга қадар келгуси йил ҳосили учун пахта хом ашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилиши белгиланган. Бунда пахта хом ашёсининг харид нархлари ўзаро манфаатли келишувлар асосида шаклланиши ва шаффоф тизимнинг жорий қилиниши назарда тутилган;

учинчидан, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан бўнак тўлаш маҳсулот етиштирувчилар билан келишув асосида пул ва моддий ресурслар шаклида амалга оширилади. Бунда фермерлар норозилигига сабаб бўлаётган салбий амалиётга барҳам берилади. Эндиликда моддий ресурслар, шу жумладан, уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари устамаларсиз (етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари бундан мустасно) етказиб берилади;

тўртинчидан, лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади;

бешинчидан, пахта майдонларини насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизигача қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади;

олтинчидан, 2025 йил 1 январга қадар импорт қилинадиган минерал ўғитларга божхона божининг «ноль» қийматда қўлланилиши белгиланди;

еттинчидан, 2023 йил 26 январь кунига қадар фермер ҳўжаликларининг барча солиқлари бўйича ҳисобланган ва тўланмаган пенялари, истисно тариқасида ҳисобдан чиқарилди;

саккизинчидан, томчилатиб суғоришга берилган ва бериладиган кредитлар муддати беш йил этиб белгиланди.

Шунингдек, пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш йўналишида мутасадди давлат идораларнинг аниқ иштироки, ўрни ва вазифалари белгилаб берилди.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    349
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+