Президент ташрифи янги Андижон тарихи саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан битиладиган бўлди

02.02.2023, 11:47

Президент ташрифи янги Андижон тарихи саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан битиладиган бўлди

Андижон вилояти халқи давлат раҳбарининг ташрифини катта интиқлик билан кутади, десак асло муболаға бўлмайди. Негаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ҳар сафар ўзининг амалий ечимлари билан ғоят аҳамиятли бўлади.

Юртбошимиз 2021 йил 17 июнь куни Андижон туманидаги адирликда Янги Андижон шаҳарчаси қурилишига пойдевор қўйган эди. Бугун бу ерда кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар қад кўтариб, замонавий инфраструктурага эга шаҳарча бўй чўзяпти.

Андижон водий вилоятлари орасида аҳолиси зичлиги билан ажралиб турадиган ҳудуд ҳисобланади. Вилоят иқтисодиётнинг ўсиши ва аҳолиси ортгани сайин электр энергияси истеъмолига бўлган талаб ҳам ошиб бораётганди. Хусусан, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида электрга талаб 40 фоизга кўпайганди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга бу галги ташрифи ҳудуд аҳолиси ва тадбиркорларини ўйлантириб турган мазкур масалага тўғри ечим топиб берилгани билан муҳим аҳамият касб этди.

Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда юртбошимиз мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли ўсиши билан электр истеъмоли ҳам кундан-кунга ошаётган бир шароитда энг тўғри ечим қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш эканини алоҳида қайд этаркан, қуёш ва шамол станциялари лойиҳаларига эътибор қаратди.

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласини кўтариб, бунинг қанчалик муҳимлигини изоҳлаб берганди.

Мурожаатномада келгуси йилда яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳани якунига етказилиб, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобидан қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилиши белгиланган эди.

Давлат раҳбарининг Андижонга ташрифи чоғида Мурожаатномада белгиланган энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласи борасидаги вазифаларни рўёбга чиқаришда ўз кўрсатма ва тавсияларини берди.

Хусусан, Андижонда 41 та микро гидроэлектр станция қуриш имконияти борлиги ҳақида тўхталаркан, йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, умуман, уларни электр билан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 миллион доллар маблағ берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ҳамда бюджет корхонасига “яшил энергия” сотади. Шунингдек, ижтимоий объектлардаги 3 мингта эскирган қозонларни замонавий ускунага алмаштириш зарурлиги қайд этилди.

Андижоннинг ўзига хос хусусиятини жуда яхши билган Президентимиз вилоятда энергия ресурсларини иқтисод қилиш чораларини ҳам кўрсатиб ўтди. Мутасаддилар олдига аҳолининг қуёш энергиясидан фойдаланиши учун жозибадор тизим яратиш вазифасини қўйди.

Мен давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида ўз ижобий ечимини топган биргина масалага тўхталдим, холос. Ташриф чоғида Андижон аҳлини қийнаб турган, вилоятнинг барқарор ривожланиши учун тўсиқ бўлаётган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги масалаларнинг ечимига ҳам катта эътибор қаратилди.

Бир сўз билан айтганда юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифи бу ерда барқарор энергия манбалари яратилиб, тадбиркорлик ривожлантирилиб, аҳоли даромадларининг ўсиши, турмуш фаровонлигини ошишига сабаб бўлган улкан воқелик сифатида Янги Андижон тарихида зарҳал харфлар билан битиладиган бўлди.

Хуршида ХАЛИЛОВА,

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    660
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+