Давлат дастурининг бажарилиши: Ҳисобот ҳисобот учун бўлмади

02.02.2023, 11:55

Давлат дастурининг бажарилиши: Ҳисобот ҳисобот учун бўлмади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йилда бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ҳукумат ҳисоботи дастлаб OʻzLiDeP фракцияси йиғилишида муҳокама этилди, унда келтирилган ҳар бир рақам ва таҳлиллар депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, саволларга жавоб олинди. Очиқ қолган саволлар бўйича депутатларга қўшимча маълумотлар берилди. Муҳокамаларда иқтисодиётни ривожлантиришнинг ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишларга партия мақсадлари ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида эътибор қаратилди.

Фракциямиз “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастурида амалга оширилган ишларни ижобий баҳолайди. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида белгиланган устувор мақсадлар доирасида сезиларли ишлар амалга оширилган. Партиямиз дастурида фуқаролик жамиятини ривожлантиришга устувор аҳамият берилган. Бу борада давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш мақсадида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилаётганини эътироф этамиз. Жумладан, мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш мақсадида хусусий мулк дахлсизлиги ва кафолатлари кучайтирилган, мулкий, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш чоралари кўрилган. 2022 йил 29 июнь куни “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани бу борадаги низоли вазиятларнинг олдини олишга, мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Инвестиция фаоллигини ошириш ва экспортни рағбатлантиришдаги муҳим чораларни алоҳида қайд этамиз. Айтишим жоизки, фракциямиз партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида Ҳукумат билан йил давомида иш олиб борди. Ҳар бир йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилди.

Муҳокамада Давлат дастурида назарда тутилган айрим қонун лойиҳаларининг парламентга киритиш ишлари кечиктирилгани ёки ҳанузгача киритилмагани ҳам айтиб ўтилди.

Савол-жавобларга бой бўлган ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди ҳамда Ҳукумат фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    382
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+