O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳамда “Ишга марҳамат” мономаркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

02.02.2023, 11:58

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳамда “Ишга марҳамат” мономаркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

2021 йилнинг август ойида ўз фаолиятини бошлаган Бухоро шаҳридаги  “Ишга марҳамат” мономарказида фуқаролар бугунги кунда  сервис ва хизмат кўрсатиш, техник, қурилиш, хорижий тил ўргатиш, рақамли технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка ўқитиш ва миграция хизматлари соҳалари бўйича жами 24 турдаги касб-ҳунар сирларини ўрганмоқдалар.  Бу ерда шунингдек, 4 та хорижий (рус, инглиз, корейс, япон) тилларни ўргатиш ҳамда Тадбиркорлик асослари, миграция кўниктириш маркази фаолияти йўлга қўйилган.  Биргина ўтган 2022 йилда Мономарказда 3800 нафар тингловчи ўз билим ва малакасини оширишга эришди. Уларнинг 2500 нафари  МФЙлардаги “Темир дафтар” рўйхатига киритилган ижтимоий-ҳимояга муҳтож фуқаролардир. Маълумотларга қараганда жорий йилдада ушбу кўрсаткични 4700 нафарга етказиш режалаштирилган.

Вилоятда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий этиш, кам таъминланган ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар сирларига ўрганиш ва уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳамда мономарказ ҳамкорлигида амалий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида ўтказилган йиғилишни мономарказ директори Алихан Умаров кириш сўзи билан очиб, ушбу билим ва касб-ҳунар масканида кейинги пайтда амалга оширилаётган ишлар билан бу ерда тўпланган O’zLiDeP вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари масъуллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия аъзоси ҳисобланган тадбиркорларни яқиндан таништирди. Уларнинг эътиборини келгусида партия билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларга қаратди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари ўқув-амалий машғулот хоналари фаолиятини кўздан кечирдилар. Автомобилларни техник таъмирлаш, заргарлик, сервис хизматлари кўрсатиш, маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини ўз ичига олган ўқув-машғулотларининг бориши билан танишдилар. Уларда шунингдек, ошпазлик, қандолотчилик, сартарошлик ва бошқа касб эгаларининг ишлари ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Заргарликдек нозик касбни ўрганиб олишга аҳд қилган ёшларга яқиндан ёрдам берган ҳолда уста-шогирд йўналишидаги фаолиятини йўлга қўйган бухоролик заргарлар сулоласининг кенжа вакили Олимжон Сафаров бўлиб, унинг 20 дан ортиқ шогирди эндиликда мустақил равишда фаолият олиб бормоқда. Мономарказдаги 40 нафар тингловчи ҳам айнан шу йўналишда ўз маҳоратини оширяпти.

Мономарказ тингловчилари томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар-турли пишириқлар, заргарлик, зардўзлик буюмлари ва тикувчилик намуналаридан иборат кўргазма ҳам иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.

Шу куни O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳамда “Ишга марҳамат” мономаркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Асхор Истамов,

O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши фаоли

  • Кўрилди
    661
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+