Оилавий тадбиркорлик давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда

02.02.2023, 15:19

Оилавий тадбиркорлик давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда

Оилавий тадбиркорлик бизнеснинг энг қулай шакли. Чунки бу бизнес орқали бутун оила аъзолари иш билан банд бўлиб, рўзғорига даромад келтиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Бу бизнеснинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, оиладаги тўкинлик ака-ука ва опа-сингиллар ўртасидаги ҳамжиҳатликни ҳам мустаҳкамлайди. Меҳнат қилиб даромад топишга ўрганган фарзандлар қалбида эзгу ва гўзал туйғулар уйғонади.

Президентимизнинг  2023 йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори орқали бу қулай бизнес вакиллари учун янгича имтиёз ва енгилликлар яратилгани нур устига нур бўлди. Хусусан, 2023 йил давомида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун камида 13 триллион сўм маблағ йўналтирилгани ҳам катта эътибор ҳамда ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Албатта, бу маблағ ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган кредитлар бўйича ҳам қўшимча қулайликлар яратилди. Яъни кредитлар устувор равишда дастурлар бўйича аввал кредитлардан фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилади. Яъни кредитдан фойдаланмаган оилаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Яна бир қулайлик шундан иборатки, тадбиркорларнинг маҳаллаларда ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатиш соҳасини ва ҳунармандчиликни ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Бунда, ташаббускор лойиҳада камида 30 фоиз улуш билан иштирок этиши лозим. Дастурлар доирасида илгари олган кредитларидан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини янада кенгайтириши учун мазкур кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади.

Ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра кредит суммасининг 10 миллион сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача) банк пластик карталарига ўтказиб берилади. 2023 йил 1 июндан аҳоли ва тадбиркорларга кредит ажратиш жараёнида қарз олувчини ID-картадаги (биометрик паспортдаги) биометрик маълумотлар асосида идентификация қилиш йўлга қўйилади.

Энг муҳими, юртимизда тадбиркорлик қилишга бел боғлаган фуқаролар учун барча қулайликлар мавжуд. Ишбилармонларни, айниқса, оилавий тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани  нафақат оила даромади ошиши ва иш ўрнига эга бўлишини таъминлайди, балки мамлакат иқтисодиёти равнақига  муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Зотан, тадбиркори кўп юртнинг тараққиёти юксак бўлади.

      Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

      Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    603
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+