Ҳисоб рақамдан розиликсиз пул ечиб олинса...

03.02.2023, 10:28

Ҳисоб рақамдан розиликсиз пул ечиб олинса...

Афсуски, бугунги кунда амалиётда жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисоб рақамларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул маблағлари ечиш, кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари учрамоқда.

Тадбиркорлик – мазкур фаолият субъектлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир. Ушбу фаолият субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда тадбиркорлар ўз пул маблағларини мустақил равишда тасарруф этишлари кафолатланган бўлса-да, аммо бугунги кунда амалиётда уларнинг банк ҳисоб рақамларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул маблағлари ечиш, кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари учрамоқда. Ушбу ноқонуний ечилган пул маблағлари суд ёки уларнинг юқори органлари томонидан аниқланган тақдирда уларга нисбатан ҳеч қандай жавобгарлик чоралари қўлланмасдан қолмоқда. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун жавобгарлик белгиланмаган. Бу эса соҳа вакилларининг доимий ва ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Масалан, 2021–2022 йилларда юқоридаги ҳолатлардан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга 840 та мурожаат келиб тушган.

Бу каби салбий ҳолатларга нисбатан қонуний таъсир чораларини кучайтириш, муаммони бартараф этиш мақсадида ҳозирда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан муҳокама этилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб рақамларидаги пул маблағларининг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг мансабдор шахслари жавобгарлигини оширишдан иборат. Ушбу ҳужжат билан тадбиркорларнинг банк ҳисоб рақамларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, жисмоний ва юридик шахс ларнинг ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш мансабдор шахслар ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, мансабдор шахслар ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Ушбу лойиҳанинг қонун сифатида қабул қилиниши O‘zLiDePнинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар ва фермерлар фаолиятининг жадал ривожланиши, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланишига хизмат қилади.

Сардорбек ҒИЁСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

 O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    367
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+