Пенсия камаймайди, аксинча, кўтарилади

03.02.2023, 10:32

Пенсия камаймайди, аксинча, кўтарилади

“XXI ASR” ГАЗЕТАСИНИНГ 19 ЯНВАРЬ СОНИДА ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ РЎЗИМБОЙ ҲАСАННИНГ “КИМЛАРНИНГ ПЕНСИЯСИ ОШДИ? БОШҚАЛАРНИКИ НЕГА ОШМАДИ?” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАСИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ. ТАБИИЙКИ, УШБУ МАВЗУ АНЧАДАН БЕРИ ЮРТДОШЛАРИМИЗ ОРАСИДА ТУРЛИЧА ТАЛҚИН ҚИЛИНАЁТГАНИ ҲАМ СИР ЭМАС. ШУ МУНОСАБАТ БИЛАН БИЗ МАҚОЛАДА ҚЎЙИЛГАН ҲАЁТИЙ САВОЛЛАРГА АТРОФЛИЧА ЖАВОБ ОЛИШ УЧУН ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ МЕҲНАТ ВА ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР ҚЎМИТАСИ РАИСИ МАВЛУДАХОН ХЎЖАЕВАГА МУРОЖААТ ЭТДИК.

– Мақола билан батафсил танишиб чиқдим. Албатта, қўйилган масала жиддий ва долзарб. Бундай мазмундаги саволлар бизнинг қўмитамизга ҳам келиб тушяпти. Шунинг учун одамларга холис ва асосланган тўғри маълумотни тақдим этишимиз керак.

Пенсия ва ижтимоий нафақалар билан таъминлаш масаласи “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуни ва соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Конституциямизнинг 39-моддасида ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Сир эмас, соҳада муаммо ва мурожаатлар кўп эди. Сўнгги йиллардаги туб ислоҳотлар, жумладан, 2017–2022 йилларда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи – 16 та қонун, Президент фармони ва қарори – 48 та, Вазирлар Маҳкамасининг соҳага оид – 21 та қарори қабул қилингани тизимдаги муаммоларнинг қонуний ечимига хизмат қилмоқда. Мисол учун, фуқароларни узоқ йиллар давомида қийнаб келган пенсия ва нафақалар тўловларини кечиктирилиши билан боғлиқ муаммо ечилиб, 2017 йилдан бошлаб ойма-ой тўлов жорий этилди. Пенсия ва нафақаларни мажбуран банк пластик карталарига ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган эди. Бу ҳам тўлиқ бартараф этилиб, фуқаронинг хоҳишига кўра нақд пулда ёки нақд пулсиз шаклда олиниши таъминланди. Ишловчи пенсионерларнинг пенсияларидан 50 фоизини чегириб қолиш амалиёти бекор қилинди. Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал чегараси 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг саккиз баробаридан ўн баробаригача оширилди. 2019 йил март ойидан пенсия тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор аёлларга 55 ёшдан ёшга доир нафақа тайинлаш жорий этилиши натижасида 4,2 минг нафарга яқин аёлларга ёшга доир нафақалар тайинланди ҳамда ушбу нафақалар учун 5 млрд. сўмдан ортиқ давлат бюджети маблағлари тўланди...

Умуман олганда, пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, бу борадаги расмиятчилик ва қоғозбозликка чек қўйиш, яъни пенсия тайинлаш билан боғлиқ ҳужжатларни қисқартириш, соҳага илғор ахборот технологияларини жорий этиш бугуннинг энг муҳим масалаларидан ҳисобланади. Бу борадаги амалий ишлар бошлаб юборилган ва такомиллаштиришни тақозо этади.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор беришимиз лозимки, пенсиялар ишловчи фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасига тўланган ижтимоий солиқ ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда жамғармага кўпроқ ҳисса қўшган, яъни юқори иш ҳақидан катта миқдорда солиқ тўлаган фуқароларнинг пенсия миқдорлари ҳам кўпроқ бўлиши адолатли ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликда пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақига чегара мавжуд бўлиб, бу 2023 йилга қадар пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 10 карраси (3 240 000 сўм) деб белгиланган эди. Ваҳоланки, Давлат статистика агентлиги маълумоти бўйича бугунги кунда республикамизда ўртача иш ҳақи 3,7 млн. сўмни ташкил этмоқда. Бундан кўриниб турибдики, пенсия ҳисоблашдаги иш ҳақига мавжуд чегара фуқароларни ўз даромадларини легаллаштиришдан манфаатдорликни сусайтириб, кўпроқ миқдорда солиқ тўлаган ва унга нисбатан кам солиқ тўлаган фуқароларнинг пенсиялари бир хил белгиланишига сабаб бўлаётган эди.

Ушбу йўналишда ҳам адолат мезонларини мустаҳкамлаш мақсадида, Президентимизнинг тегишли фармонига асосан, 2022 йил 19 сентябрда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилди. Бунда 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори, яъни юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки бараваригача оширилди.

Ушбу қонунга асосан 2022 йил декабрь ойида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан, яъни 3 240 000 сўмдан юқори бўлган 371 минг нафар пенсия олувчиларнинг пенсия миқдорлари қайта ҳисоб-китоб қилинди ва пенсияси ошадиган фуқароларга 2022 йилнинг декабрь ойида мобиль қурилмалари орқали хабар юборилди.

Мисол учун, 4 000 000 сўм ўртача ойлик иш ҳақига эга бўлган фуқаронинг пенсия миқдори 2023 йил 1 январга қадар 3 240 000 сўмдан ҳисоб-китоб қилинган бўлса, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса ушбу фуқаронинг пенсия миқдори 3 888 000 сўмдан қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Ушбу тартибнинг жорий этилиши юқори иш ҳақи олган ва пенсия тизимига кўпроқ ҳисса қўшган фуқароларга муносиб пенсияларни тайинлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳолининг унумли меҳнат қилиб яхшироқ ҳақ олишга қизиқишини ошириш, яширин иқтисодиётдан чиқиш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришда фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади. Юқорида тилга олинган мақолада кўтарилган айрим эътирозлар ҳам қайсидир маънода тўғри, лекин шу кунгача соҳада олиб борилган катта ислоҳотлар ҳам фақат инсон фаровонлигини оширишга қаратилганини ҳам унутмаслигимиз керак. Албатта, бу билан пенсия тизимидаги ислоҳотлар тўхтамайди, муаммоларни босқичма-босқич ечишга йўналтирилган сиёсат давом этади. Мисол учун, парламент томонидан яқинда қабул қилинган қонунга кўра 2023 йилдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинлангандан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда ҳамда келгусида ҳар 2 йилда ногиронлик пенсия миқдорларини қайта ҳисоблаш тартиби жорий этилди. Мазкур ўзгариш натижасида 2023 йилда 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси олувчи фуқароларнинг пенсия миқдорлари қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва ногиронлик пенсияси ўртача 304 минг сўмга ошиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида собиқ Молия вазирлиги билан ҳамкорликда давлат пенсиялари миқдорини ҳар йиллик инфляция даражасида қайта ҳисоблаш (ошириб бориш) тизимини жорий этишни назарда тутувчи “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш чоралари кўриляпти.

Яна бир бор таъкидлашни истардим, келгусида бу борада режалар кўп. Давлатимизда халқаро тамойил ва стандартларга мувофиқ кўп босқичли ва давлат томонидан кафолатланган пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш масаласида ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда. 2022 йилнинг 20 декабрида Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида: “Биз иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсатини изчил давом эттирамиз”, дея алоҳида таъкидлагани ҳам бежиз эмас. Кўриниб турибдики, иқтисодиётимиз ривожланиши давлат бюджети даромадларининг кўпайи шига, бу эса ижтимоий ҳимояга йўналтирилган маблағ салмоғи ошишига, шу жумладан, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар босқичма-босқич кўтарилишига замин яратади.

Хуллас, олдимизда ҳали кўп вазифалар турибди. Фуқароларимизнинг таклиф ва тавсияларини инобатга олган ҳолда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишларимизни давом эттирамиз. Қолаверса, ушбу мавзуни жамоатчилик эътиборига олиб чиққан журналистга ҳам самимий миннатдорлик билдирамиз.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    927
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+