Таълим ислоҳотларига барчамиз дахлдормиз

08.02.2023, 16:52

Таълим ислоҳотларига барчамиз дахлдормиз

2023 йил Президентимиз таклифи билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб номланди. Аслида, таълимга бўлган эътибор – инсонга, унинг келажагига бўлган эътиборнинг кўринишларидан биридир. Чунки, улкан мақсад ва марраларга йўл очаётган Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Янги Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш, дастлабки навбатда мактабда замонавий билимларни эгаллаган, рақобатбардош ёшларга боғлиқдир.

Бугун ёшлар ҳақида сўз кетар экан, турли хил кишилардан турфа фикрларни эшитиш мумкин. Кимдир йигит-қизларимизнинг муомала маданияти, кийиниши ва бошқа жиҳатларини танқид қилса, яна кимдир Янги Ўзбекистон ёшларининг адабиёт, санъат, спорт, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларини фахр билан тилга олади. Бироқ, бир фикрда барча якдил: “ Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган ёшларимизни тарбиялаш учун авваламбор, таълим тизимини замон талаблари асосида тубдан янгилаш лозим”.

Ёшларга таълим-тарбия бериш ҳақида сўз кетар экан, бугун соҳада бошланган ислоҳотлар, албатта, ўзининг ижобий самараларини беришига барчамиз катта ишонч билан қарамоқдамиз. Боиси, Давлатимиз раҳбари таълим соҳаси ҳақида гапирар экан, барча муаммо-ю камчиликларни рўйи рост айтиб, уларни бартараф этиш юзасидан ўзларининг таклифларини билдириб ўтмоқдалар. Мутасаддиларга аниқ топшириқлар ва вазифалар бермоқдалар.

Айни пайтда республикамизда бўлгани каби, Жиззах вилоятидаги  барча 1325 та мактабгача тарбия муассасалари, 555 та умумтаълим, 15 та касб-ҳунар мактаблари, 19 та коллеж ва техникумлар тегишли мутасаддилар, маҳалла фаоллари, депутатлар, соҳа ходимларидан иборат  ишчи гуруҳлар томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилди. Улардаги бор муаммо ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этишга киришилди.

Шунингдек, ўқувчиларни дарслликлар билан таъминлаш, уларни мактабдан-оқ касб-ҳунарга ўргатиш, икки ёки учта хорижий тилларни ўрганишлари учун замин тайёрлашга киришилди.

Президентимиз таълим соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб ўтар эканлар: «Кимда-ким мактаб бу фақат Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг иши, деб ўйласа, мутлақо янглишади. Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин», — деб таъкидлаган эдилар.

Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”, деган пурмаъно сўзлари ёдга тушади.

Бугун саодатга элтувчи йўл – дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабга, касблар ичида энг шарафлиси бўлган ўқитувчига, ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, эзгу бу амалларнинг самараси тез орада ўзини намоён қилишига ишонамиз.

Муниса ХОЛМАТОВА

Жиззах Давлат Педагогика

Университети талабаси,

O'zLiDeP фаоли.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    485
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+