Майдон сизга мунтазир, ёшлар

09.02.2023, 15:22

Майдон сизга мунтазир, ёшлар

Ўтган давр мобайнида Ёшлар парламенти эртамиз эгаларининг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб этиш, қонунларни ёшлар орасида тарғиб қилиш орқали уларнинг жамият ҳаётига дахлдорлигини кучайтириш, навқирон авлоднинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган муҳим институт сифатида шаклланди.

Ҳусусан, ўтган давр мобайнида O‘zLiDePдан Ёшлар парламентига аъзо ёшлар томонидан “Yoshlar bilan” лойиҳаси доирасида 20 дан ортиқ қонунлар, Президент қарор ва фармонлари ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ёшларга кенг ва содда тилда тарғиб қилиш ва етказишда, “O‘zLiDeP YOSHLAR MINBARI” телеграм манзилига келиб тушган 150 га яқин мурожаатни ўрганиш, шундан 60 га яқинини ижобий ҳал этиш ва 15 таси бўйича тушунтиришлар беришда фаол иштирок этдилар.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда Ёшлар парламентининг олдига қўйилаётган вазифалар унинг таркибий тузилмаси, вазифаларини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштиришни ҳамда ваколатлари ва имкониятларини янада кенгайтиришни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан 2022 йил 12 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг қарори билан Ёшлар парламенти низоми ва регламенти тасдиқланди. Низомга мувофиқ Ёшлар парламенти 150 нафар аъзодан иборат бўлиши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколат муддати тугагунга қадар, бироқ икки ярим йилдан кўп бўлмаган муддатга ўз фаолиятини амалга ошириши белгиланди.

Шунингдек, Ёшлар парламенти таркибини шакллантиришда ҳар бир сиёсий партия Ёшлар парламенти аъзолиги учун номзодни Қонунчилик палатасига сайланган депутатнинг сайлов округидан кўрсатиши алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, низом билан Ёшлар парламенти аъзосининг мақоми сифатида аъзонинг сайловолди дастурининг бажарилиши бўйича сиёсий партия ва Ёшлар парламентига ҳисобдорлиги белгиланиб, Ёшлар комиссияси томонидан гувоҳнома ва кўкрак нишони берилиши кўзда тутилган.

Шу ўринда бир савол пайдо бўлиши табиий: “Ёшлар парламенти” ёшларга нима беради? Уларнинг келажакдаги фаолиятига ўзининг қандай ижобий таъсирини кўрсатади? Энг аввало, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирок этиш имкониятини беради. Яъни бу жараёнда ёшларга уларнинг ҳаётига тааллуқли масалаларда Қонунчилик палатасига таклиф киритиш ҳуқуқи берилган.

Шу билан бирга, низомда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, Спикернинг ўринбосарлари, тегишли сиёсий партиялар раиси томонидан Ёшлар парламенти аъзоларига давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотларга ишга қабул қилинишлари жараёнида тавсифномалар берилиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

Абдулло АСЛОНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг

Ёшлар ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари

  • Кўрилди
    574
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+