Фермер хўжаликлари фаолиятига давлат аралашуви кескин қисқартирилади

10.02.2023, 16:19

Фермер хўжаликлари фаолиятига давлат аралашуви кескин қисқартирилади

Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳеч бир соҳа давлатимиз, Президентимиз эътиборларидан четда эмас. Барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда.

Албатта, булар ўз ўзидан бўлиб қолаётгани йўқ. Буларнинг барчасига Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эришяпмиз.

Ҳозирги кунда деҳқон ва фермерлар соҳага берилаётган имконият ва имтиёзларни кўриб, янада фаол меҳнат қилишга интиляпти. Хўжалиги қошида қайта ишлаш корхоналари очиб, янги иш ўринлари яратган ҳолда, ёшлар бандлигини таъминлаяпти. Энг муҳими, ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда.

Аммо ҳозирги давр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни юқори даромад олишига кенг шароитлар яратиш ҳамда маҳсулот етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилиш амалиётини қонунчиликда белгилаш зарурлигини кўрсатмоқда.

Сабаби “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунда фермер хўжаликларига юкланган мажбуриятлар ҳозирги замон талаби ва ислоҳотлар йўналишига монанд қайта кўриб чиқилганида айрим мажбуриятларни чиқариб ташлаш зарурати аниқланди.

Шундан келиб чиқиб, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳаси билан “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонундаги бўшлиқлар тўлдирилмоқда. Жумладан, фермер хўжалиги ташкил этиш учун унинг бошлиғи қандай тартибда ер участкаси олиши кераклиги аниқ белгилаб қўйиляпти.

Шунингдек, лойиҳанинг 17-моддасида фермер хўжалигига юклатилган мажбуриятларга тегишли ўзгартиришлар таклиф этилмоқда. Хусусан, тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулоти назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаш мажбурияти чиқариб ташланяпти.

Мазкур модданинг саккизинчи хатбошисида эса туман ирригация бўлими билан сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартномага мувофиқ, сув ресурсларидан фойдаланиш, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш назарда тутилмоқда.

Ҳужжатда туман ирригация бўлимлари билан сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартнома талабларига биноан, суғориш тармоқларини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши ҳам ўз аксини топган.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали фермер хўжаликларига юклатилган мажбуриятлар камайтирилади ва оптималлаштирилади. Энг муҳими, фермер хўжаликлари фаолиятига давлат аралашуви кескин қисқартирилади. Натижада юртимиз иқтисоди янада юксалиб, дастурхонимиз тўкинлиги таъминланади.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

 

  • Кўрилди
    1484
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+