O’zLiDePнинг ўз ўрни бор

13.02.2023, 15:39

O’zLiDePнинг ўз ўрни бор

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан ҳудудлардаги муаммолар ва уларни ижобий ҳал этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари саъй-ҳаракати билан жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, кичик, ўрта ва хусусий тадбиркорлик тузилмалари фаолиятини давр талаблари даражасида олиб бориш шу жумладан, ҳудудлардаги эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқароларга саховатпеша депутатлар ва партия аъзоси бўлган тадбиркор ҳамда  ҳомийлар томонидан беғараз амалий ёрдам кўрсатилмоқда.  

–Жойлардаги муаммоли масалалар вақти-вақти билан ўтказилиб келинаётган Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари сессиялари йиғилишида муҳокама қилиниб тегишли чоралар қўрилмоқда, – дейди O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов. –Биргина 2022 йилда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан мутасадди идора ва ташкилотларга 872 та депутатлик сўровлари юборилган.  Депутатлик гуруҳлари томонидан 111 нафар мансабдор шахснинг эшитувлари амалга оширилган.  Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига 51 та масала киритилганлиги ўз амалий натижасини берди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан жойларда  сайловчилар иштирокида  ўтказилган учрашув ва қабуллар давомида аҳолини қийнаб келаётган 1058 та масаланинг  935 таси ижобий ҳал этилган. Бир қатор мурожаатлар атрофлича ўрганиш ва мақбул ечим топиш мақсадида  ваколатли идораларга юборилган.  

Вилоятда партия аъзолари сафини  кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.  Агар партия аъзолари сони 2022 йил бошида 60 минг 588 нафарни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатида бу кўрсаткич 73 минг 228 нафарни ташкил этди. Кейинги пайтда партия сафига умумий ҳисобда 12 минг 684 нафар янги аъзолар қабул қилинди. Бухоро шаҳри, Бухоро, Вобкент, Жондор, Ромитан, Шофиркон, Қоракўл, Ғиждувон туманларида бу борада ижобий натижаларга эришилди. Ушбу шаҳар ва туманларда 1500-2000 нафардан зиёд маслакдошлар партия сафига қабул қилинди. Партиянинг таянч бўғинлари сони ҳам партия аъзолари сафи ҳисобига ошиб бормоқда. Бошланғич партия ташкилотлари сон жиҳатдан вилоят бўйича бугунги кунда 853 тани ташкил этяпти. Партия қўйи бўғинлари фаолиятига эътибор Бухоро шаҳри, Бухоро, Вобкент, Жондор, Пешку, Ромитан, Шофиркон ва Ғиждувон туманларида ошмоқда.  

Партия вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг турли йўналишларидаги фаолияти давр талаблари даражасида олиб борилаётганлигини шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз. Айниқса, жамоатчилик билан алоқалар  ва мафкуравий ишлар йўналишида олиб борилаётган фаолиятда сезиларли натижаларга эришиляпти. Биргина кейинги пайтда партия шаҳар ва туман Кенгашлари билан ҳамкорликда олиб борилган мафкуравий, маънавий маърифий тадбирларда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар, давлат ва нодавлат корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасалари масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари  иштирок этиб O’zLiDeP нинг дастурий мақсад ва вазифалари билан яқиндан таништирилди. Аксарият тадбирлар маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситаларда, ижтимоий тармоқлар ва партия сайтларида ёритилди.

– O’zLiDeP айнан тадбиркор аёллар фаолиятини кучайтириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган партиявий лойиҳаларда бухоролик аёллар фаол иштирок этмоқда, – дейди O’zLiDeP вилоят Кенгаши бўлим мудири Робия Салихова. – Айниқса партиянинг “Ишбилармон аёл”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Бунёдкор аёллар”, “Бир депутат 100 аёлга кўмакчи” лойиҳаларининг шаҳар, туман ва вилоят босқичларида бир қатор опа-сингилларимизнинг иштирок этиб улардан айримлари  вилоят босқичи ғолибалари сифатида республика миқёсида ўтказилган танловларда қатнашгани ва совринли ўринларни қўлга киритгани билан партиядошларимиз ҳақли равишда фахрланишади. Мамлакат Содиқова, Маҳтоб Адилова, Шоира Бўлдиева, Иқлима Жўраева, Чинора Юсупова сингари ва бошқа бир қатор тадбиркор аёллар ўз тадбиркорлик йўналишлари бўйича жойларда қўшимча иш ўринлари яратиб аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлашда катта ҳисса қўшмоқда. Эътиборлиси,  улар орасида маҳаллий кенгаш депутатлари, “Тадбиркор аёл” уюшмаси аъзолари, давлат мукофоти совриндорлари ҳам бор.

“Аёллар қаноти” фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири – “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда жойларда бепул тиббий кўрикларни ўтказишдан иборат. Кейинги пайтда ўтказилган жами 90 та тадбирларда  3475 нафар аёллар тиббий кўрикдан ўтказилган. Улар  75 турдаги  103 миллион 600 минг сўмлик дори-дармон билан таъминланиб, 10 нафар ногиронлиги бор аёлларга ногиронлик аравачалари берилган. “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида 2297 нафар аёлларга тижорат банкларидан 45 миллиард 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб беришда амалий ёрдам кўрсатилган. Бу 2333 та янги иш ўрни яратиш имконини берган.

– O’zLiDeP Бухоро вилояти ташкилоти ўз ўрни ва обрўсига эга, – дейди партия вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарати раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Бобомурод Очилов. – Ана шу эътиборни талаб даражасида сақлаб қолиш ва уни янада мустаҳкамлаш зарур. Бунинг учун  фаолиятимиздаги айрим камчиликларни бартараф этишимиз керак. Партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларининг жойлардаги  ижроси халқимизнинг бугунги ислоҳотлардан рози бўлишига хизмат қилиши даркор.  

Зариф Комилов, ЎзА

  • Кўрилди
    358
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+