Бухоролик энг муносиб йигит-қизлар Ёшлар парламенти сайловининг республика босқичига йўлланма олдилар

14.02.2023, 11:36

Бухоролик энг муносиб йигит-қизлар Ёшлар парламенти сайловининг республика босқичига йўлланма олдилар

Барча ерда бўлганидек, кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорода ҳам жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш истагида бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига ўтказиладиган сайловнинг туман ва шаҳар босқичларида 350 нафар ёшлар фаол иштирок этдилар. Улар орасидан саралаб олинган иқтидорли, зукко, ташаббускор, янгиликка интилувчи йигит-қизлардан 25 нафари сайловнинг вилоят танловида ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, O’zLiDeP вилоят Кенгаши масъулларидан иборат  ҳакамлар ҳайъати ҳузурида ўз тақдимотларини ўтказган навқирон авлод вакиллари ўз танлаган соҳалари, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида эришаётган ютуқлари, олий таълим муассасаларининг талабалари эса ўзларининг ҳозирги ва келгусидаги илмий изланишлари юзасидан ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг саволларига иштирокчилар томонидан берилган жавоблар ёшларнинг сиёсий дунёқарашлари кенг, мушоҳадалари теран эканлигини давлат сиёсати аҳамиятига таалуқли устувор вазифалар уларни ҳам бефарқ қолдирмаслигини айниқса, Ёшларга оид давлат сиёсати уларнинг келгусидаги ўй-режаларига муштарак эканлигини кўрсатди.

Бир қатор ёшларнинг тақдимотлари талабчан ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътироф этилди.

Улар орасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти МТУ Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти 4-босқич талабаси, Президент стипендиати Саиджон Бобожоновнинг “Иқтидорли ёшлар орасида янги заҳира кадрлари: “Келажак лидерлари”ни шакллантирамиз” мавзусидаги тақдимоти ҳакамлар ҳайъати эътиборини ўзига жалб этди. Унинг жавобларидан ҳам  ташкилотчилари қониқиш ҳосил қилдилар.

Мамлакатимиз ёшларининг Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги роли ва ўрнини белгилаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини оширишда, эртанги кунга бўлган ишончларини мустаҳкамлашда, орзу ва интилишларини рўёбга чиқаришда Ёшлар парламентига ўтказиладиган сайловларнинг аҳамияти беқиёсдир. Ушбу сайловнинг Бухоро вилоят босқичида айнан шу жиҳат кўзга яққол ташланди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратова. - Ушбу жараёнда қатнашган  Бухоролик ёшлар ҳам O’zLiDeP дастурий ғоя ва мақсадларини жойларда кенг тарғиб этиш бўйича етарли билим, тажриба ва интеллектуал салоҳиятга эга эканликларини истиқболли тақдимотлари мисолида кўрсата олдилар.

O’zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши талабчан ва одил ҳакамлар ҳайъати вилоятдаги “23-Бухоро”, “25-Шохруд” ҳамда “30-Ғиждувон” сайлов округларидан номзодлари кўрсатилган ёшлардан 9 нафарини республика босқичида қатнашишга тавсия этдилар.

  • Кўрилди
    512
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+