Мирзо Бобурнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти барчамиз учун умумбашарий қадриятлар даражасидаги улкан мактабдир

14.02.2023, 18:41

Мирзо Бобурнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти барчамиз учун умумбашарий қадриятлар даражасидаги улкан мактабдир

Шу кунларда мамлакатимиздаги қарийб барча ташкилот, муассасалар каби O'zLiDeP марказий ва ҳудудий тузилмалари ҳам буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирларни ўтказяпти. Фикримизча, анъана-таомилга кўра бундай тадбирлар фақат қутлуғ санада эмас, балки мунтазам  ўтказилса, бундан жамиятимиз ҳам, давлатимиз ҳам катта наф кўради. Зеро, даҳо аждодимизнинг ибратли ҳаёти, бадиий ижодда, илмда, давлат бошқаруви ва ҳарбий санъат бобидаги фаолиятини тарғиб қилиш халқимиз тафаккури, миллий маданияти  юксалишига хизмат қилмоқда.    Айниқса, Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз таъкидлаганидек: “Биз яратаётган бугунги Янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик ва гуманизм ғояси бўлади”. 

Улуғ сиймо ҳақида  гапирганда, аввало, унинг инсон сифатида кўрган-кечирганлари, мустаҳкам давлат барпо этиш маҳорати ва машаққатлари, оталик меҳри, қариндош­лик анъаналари, характеридаги тантилик ва мардлик каби сифатларини ўрганиш ва ўргатиш муҳим. Унинг айрим фазилатларини қуйида баён этамиз.

Аввало, Бобурнинг ўта ростгўй инсон бўлганини тилга олиш жоиз. “Бобурнома”ни мутолаа қилар эканмиз,  у ўзининг хато-нуқсонларини хаспўшламагани, барчасини рўйи рост ёзганига амин бўламиз. Мирзо Бобур асарлари ҳануз Ғарб мамлакатларида ҳам севиб ўқилаётгани, қайта-қайта таржима ва янги нашрлар қилинаётганининг сабабларидан бири ҳам мана шу ростгўйликда. Бобурга хос бўлган танганинг ҳар икки томонини ҳам бирдай кўра олиш қобилиятини эътироф этиш лозим. У кимдир ҳақида маълумот берар экан, унинг фазилатларини санай туриб, камчилигини ҳам унутмайди. Ҳатто душманлари тасвирида ҳам уларнинг қусурларини санай туриб, лоақал “табъи назми” борлигини эътироф этади. У замондошларини ва биз – авлодларини алдамагани учун ҳам ҳурматга лойиқ.

Бобур давлатга, мансабга эришиб, манманликка берилишни, оддий меҳнат аҳлини унутишни қоралаган ва амалдорларни камтарин бўлишга, инсон қадр-қимматини ўйлаб иш кўришга чақирган. Рубоийларининг бирида шундай сатрлар бор: “Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма, Бу беш кун учун ўзингни асру тутма”.

Улуғ аждодимиз кишиларни яхшилик қилишга чақирар экан, уларни илм-маърифат, касб-ҳунарни эгаллашга ундайди. Унинг илм-фан фазилати ҳақидаги қарашлари қатор шеърларида ҳам, “Бобурнома”да ҳам ифодаланган.

Бобурнинг аёлларга ҳурмати ва меҳрибонлиги ҳам кишини лол қолдиради. Бу туғишган опаси Хонзода Бегимга  кўрсатган иззат-ҳурмати, опанинг тақдирига ачинишлари, фавқулодда ғамхўрлиги бунинг яққол исботидир. Ёки катта онаси Эсон Давлатбегимга бўлган ҳурмати-чи?

У камтар, инсонпарвар етакчи сифатида ҳам ном қолдирган. Хуросондан қайтаётганда, қишнинг изғирин совуғида қолади. Сафдошлари тоғ ёнбағридаги ғорга кириб дам олишни таклиф қилишганда ҳам: “Ҳамма совуқда қолиб, мен пана бўлсам, бу инсофданмас”, дея рад қилади.

Инглиз тадқиқотчиси Уилям Эрскин Бобур ҳаётини кўп йиллар давомида ўрганиб ёзадики, инсоният фаолиятининг барча соҳасида унга “осиёлик шаҳзодаларнинг ҳеч қайсиси тенг келолмайди ва унинг ёнига қўйиш учун лойиғини тополмаймиз”.

Мухтасар айтганда, Бобурнинг серқирра, ибратга тўла бўлган ўзига хос ҳаёт йўли барчамиз учун  умумбашарий қадриятлар даражасида намуна мактаби бўла олади.

Сардор Марипов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бўлим мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    298
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+