O'zLiDePда Ёшлар парламентига сайловнинг Республика босқичи бўлиб ўтмоқда

16.02.2023, 19:07

O'zLiDePда Ёшлар парламентига сайловнинг Республика босқичи бўлиб ўтмоқда

Кейинги йилларда  мамлакатимизда  ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, сиёсий жараёнларда уларнинг фаоллигини оширишга  катта эътибор қаратиб келинмоқда. 

Юртимизда ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллиги ҳамда ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”нинг ташкил қилинганлиги бунинг ёрқин ифодасидир.

Мазкур ташкилот ўз олдига жуда муҳим, долзарб вазифаларни қўйган. Навқирон авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш,  уларни жамиятнинг сиёсий фаол қатламига айлантириш ҳамда қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш, қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, Ёшлар парламенти аъзолари йигит-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди. Қонунчилик техникаси, қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари бўйича амалий муҳокамаларни ташкил этади. Ёшларнинг сиёсий билимларини оширишда вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш ҳам ушбу тузилма зиммасидаги вазифалар сирасига киради.

Шу кунларда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ёшлар парламентига сайлов жараёнлари қизғин тус олган.

 Таъкидлаш жоизки, партия Низомига мувофиқ сайловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ҳамда сайлов шартлари белгиланган бўлса, Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита қарори асосида ташкилий қўмита ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари таркиби тасдиқланди.

Партия қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) Кенгашларида ташкилий қўмита ва ҳакамлар ҳайъати ташкил этилди ҳамда сайловларни ўтказиш бўйича жами 53 та округда 97 та туман қамраб олинган ҳолда сайлов штаблари иш бошлади.

Унга мувофиқ Ёшлар парламентига сайловлар 3 босқичда ўтказилиши белгиланди. Саралашнинг 1 - босқичи 23 январь – 6 февраль оралиғида тегишли округдаги туманларда ташкил этилди. Ўтказилган тарғибот ва ташвиқот тадбирлари натижасида сайловда иштирок этиш истагини билдирган жами 5238 нафар ёшлар томонидан ҳужжатлар топширилди. Туман (шаҳар) саралаш босқичидан жами 736 нафар иштирокчи сайловнинг кейинги ҳудудий босқичига йўлланма олди.

Шунингдек, саралашнинг иккинчи  вилоят босқичи 6 – 15 февраль оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида ташкил этилди. Ҳакамлар хайъати хулосасига кўра 120 нафар ёшлар республика босқичида иштирок этиш учун тавсия этилди.

Республика босқичига тавсия этилган ушбу ёшларнинг 8 нафари тадбиркор, 66 нафари талаба, 13 нафари маъмурий бошқарув идоралари ходими, 24 нафари жамоат ташкилотлари вакили, 9 нафари эса бошқа соҳа вакилларидан ташкил топган.

Ва ниҳоят бугун O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида барча вилоятларнинг саралаш босқичидан ғолибликни қўлга киритган энг иқтидорли ёшлар Республика босқичида ўзаро беллашмоқдалар.

Сайловнинг республика босқичида партиянинг масъул вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоларидан таркиб топган Ҳакамлар хайъати номзодларни шаффоф, одилона баҳолаб боришмоқда.

Икки кун давомида республика босқичи қатнашчилари ўзларининг сайловолди дастури, унинг мақсад ва вазифаларини тақдимот орқали кўрсатишади, шунингдек номзодлар низом талабларига мувофиқ савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилади.

Номзодлар билан ўтказилган суҳбат жараёнида уларнинг қонунчилик борасидаги билим  ва кўникмалари, сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлиги, қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги таклифлари, партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини  ёшлар орасида кенгроқ тарғиб қилишга қаратилган  таклиф ва фикрлари, ўзларининг сайловолди дастурларини слайдлар орқали  тушунтириб беришга ҳаракат қилишмоқда.

Муносиблар ичидан энг муносибларининг саралаб олиниши, Ёшлар парламентига аъзо этиб сайланиши партия манфаати янада кенгроқ ифодаланиши, дастурий вазифаларини самарали ижро этилишига катта имкониятлар яратади.

  • Кўрилди
    670
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+