Сайловчилар – холис ҳакамлар

17.02.2023, 10:36

Сайловчилар – холис ҳакамлар

Бугун парламент ва маҳаллий кенгашлар янгича шароит ва услубда иш олиб бораётир. Бу жараённи Халқ депутатлари Хоразм вилояти мисолида ҳам яққол кузатиш мумкин. Яъни, депутатлар ислоҳотлар моҳияти ва давр талабларини тўғри тушуниб, ҳар бир сессияда турли таклиф ҳамда танқидий фикрлари билан фаол қатнашишмоқда. Айни имкониятдан оқилона фойдаланилиши ижроия ҳокимияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вилоятда O‘zLiDeP аъзолари ҳозир жами 102 880 нафарга етди. Бу кўрсаткич 2020 йил якунига нисбатан икки баробарга кўпдир. Бошқача айтганда, охирги йилларда маслакдошларимиз 52 138 нафарга ошди. Тарафдорлар сони ошиб бораётгани эса ўз навбатида халқнинг ишончи оқланаётгани, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақият қозонаётганининг исботидир.

Партиямиз жамиятда етакчи кучга айланган мулкдорлар синфининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ўзига хос тажриба тўплади. Маҳаллий кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш институти эса тобора такомиллашиб бормоқда. Натижада жойлардаги муаммоларга аста-секин оқилона ечим топишда партиянинг иштироки кенгайди.

O‘zLiDeP Хоразм  вилояти кенгашида шакллантирилган ишчи гуруҳлар томонидан 2022 йил давомида 128 та депутатлик гуруҳи эшитуви ўтказилиб, 471 та депутатлик сўрови чиқарилди. Шунингдек, 96 та давра суҳбати, 204 та амалий тадбир,  15 та мулоқот форуми ташкил этилди. Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастуридаги белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида O‘zLiDeP Хоразм вилоят кенгаши томонидан йил давомида 112 тадбир ўтказилиши белгиланган бўлса, амалда бу рақам 443 тага етди.

Сўзимиз исботи учун айрим фаол депутатларимиз фаолиятидан аниқ мисоллар келтириш жоиз. Масалан, Халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгаши депутати Мадраҳимбой Мадримов сайловчиларнинг муаммоларини ҳал қилиш, ўз ечимини кутаётган масалаларни бартараф қилишда фидойилик кўрсатаётган вакилларимиздан ҳисобланади. У электоратга берган ваъдаларини бажарар экан, маҳаллалар ичидаги йўлларни таъмирлашга, аҳолига қулайлик яратишга жиддий эътибор қаратди.

Депутат ташаббуси билан Янги ҳаёт маҳалласининг 5-торкўчаси асфальтланиб, 6-торкўчага тош ётқизилди. “Йўли сознинг – иши соз” деган нақл бежиз айтилмаган. Йўлларимиз текис ва равон бўлса манзилга тез етиб бориш имкони кенгайиши баробарида йўл-транспорт ҳодисаларнинг олди олинади. Лекин барча масалаларни йўл равонлиги билан ҳал бўлиб қолмайди. Машиналар ҳаракатини тартибга солувчи светофор бўлмаса, кўнгилсизликлар сони ортаверади. Урганч шаҳридаги Нажмиддин Кубро кўчасининг Жайхун кўчаси билан туташган қисмида чироқ йўқлиги сабабли кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган. Шунинг учун ҳам сайловчилар мурожаатига асосан депутат мазкур муаммони бартараф этиш чорасини топди. Мазкур кўчалар кесишмасига замонавий светофор ўрнатилди.

Халқ депутатлари Гурлан туман кенгаши депутати Умидбек Базарбаев ташаббуси билан тумандаги Мойли маҳалласининг Олтинбошоқ, Жўшқин, Мевазор, Жаҳонгир кўчаларига тош ётқизилди. Мазкур маҳалла газ таъминотидан узилган ҳудудлардан эди. Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йил январь ойида кузатилган аномал совуқда депутатимиз сайловчилари учун қулайлик яратиш мақсадида маҳалла аҳолисига арзонлаштирилган кўмир етказиб бериш жараёнида фаол қатнашди. Натижада ҳар бир хонадонга қўшимча бир тонна миқдорида кўмир ажратилди.

Йил давомида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга шу депутатимиз ўз ҳисобидан ҳам кўмаклашди. Жумладан, 9 та оилага инкубатор ускунаси, 15 та тикув машинаси олиб берди. Хуллас, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун йил давомида депутатимиз ҳисобидан 64  миллион сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.

Яна бир вилоят кенгашимиз депутати, тиниб-тинчимас Муборак Жуманиёзова  ўз сайлов округи ҳудудига кирувчи йўлларнинг таъмирталаблиги боис бир неча бор тегишли ташкилотларга сўровлар йўллаганди. Айни шу саъй-ҳаракатлар сабаб Урганч йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси томонидан Маърифат маҳалласи ҳудудини кесиб ўтувчи Амир Темур кўчасининг 830 метр қисмига асфальт ётқизилди.

2-Хонқа сайлов округидан туман кенгаш депутати этиб сайланган Шоҳрух Қаландаров ҳам кўпчиликка ўрнак бўлаётган инсонлардан бири. У ўз округидаги Аҳиллик, Жаннатмакон ва Фидойилар маҳаллаларида истиқомат қилаётган кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг 55 нафарига 11 миллион сўмлик озиқовқат етказиб берди. 10 миллион сўм пулни эҳтиёжманд инсонларнинг оғрини енгил қилишга сарфлади.

Қилинган ишларни сарҳисоб қилар эканмиз, партия қуйи бўғинларининг тизимли ишлари, депутатларнинг интилишлари замирида халқни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш, давлатимиз раҳбари олиб бораётган одилона сиёсатнинг жойлардаги ижросини таъминлаш каби муҳим масалаларда  O‘zLiDePнинг ўз ўрни борлигига ишонч ҳосил қиласиз. Ўтган давр мобайнида маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз томонидан сессияларга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини бартараф этишга оид 141 та масала киритилгани ҳам бежиз эмас.

Урганч шаҳрида жойлашган марказий кўп тармоқли поликлиника 147 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Шифо масканига ҳар куни 800 дан ортиқ инсон мутахассислар кўригига келади. Анча йиллар илгари қурилган бинода лифт эскиргани туфайли қария ва ёш болали беморлар юқори қаватларда жойлашган шифокорларга кўринишда қийинчиликка дуч келишаётган эди. Халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгаши депутатларининг саъй-ҳаракатлари билан ушбу масала вилоят кенгашининг 41-ссесиясига киритилди. Натижада 431,3 млн сўм маблағ ажратилиб, замонавий ва қулай лифт ўрнатилди.

Хоразм вилоятида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро Кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларининг ахбороти тинглангани туфайли тегишли қарорлар қабул қилинди. Модомики, асосий мақсади аҳоли фаравонлиги, юрт ободлиги бўлган депутатларимиз бугун жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этишга, электоратнинг ишончини оқлашга, халқимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга интилаётгани хусусида яна узоқ гапириш мумкин.

Ана шундай интилишлар самараси “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқот форуми” сингари партиявий лойиҳаларнинг жойлардаги натижадорлигида ҳам кўзга ёрқин ташланмоқда. Бугунги кунда бу лойиҳа  Хоразм вилоятида ишбилармонларнинг муаммоларини ижобий ҳал қилишда муҳим роль ўйнаётир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган қатор масалалар ана шу лойиҳа доирасида очиқ муҳокама этилиши наф келтирмоқда. Зеро, муаммоларни шунчаки ўрганиш эмас, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифларни тайёрлаш либерал-демократларга хос ёндашувдир. O‘zLiDePдан сайланган депутатларнинг аниқ позициясини шакллантиришда мана шундай ўзига хослик муҳим аҳамият касб этяпти. Хоразм вилоятида партиявий йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳам бунинг тасдиғи, десак муболаға бўлмайди.

Ислом ФАЙЗУЛЛАЕВ,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    493
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+