Андижонда қуёш панеллари ўрнатилган меҳмонхонада амалий семинар ташкил қилинди

20.02.2023, 12:25

Андижонда қуёш панеллари ўрнатилган меҳмонхонада амалий семинар ташкил қилинди

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифида энергия ресурсларини иқтисод қилиш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш йўналишида аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Бу борада вилоятда амалий ишлар бошлаб юборилди. Тадбиркорлик субъектлари, турли ташкилот ва идоралар ва аҳоли хонадонларида муқобил энергиядан фойдаланиш борасида тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб бориляпти.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан “Энергия ресурсларини иқтисод қилиш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.

Унда O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, фахрийлар, партия фаоллари, тадбиркорлар, ҳокимлик ва идоралар вакиллари, БПТ раислари, тижорат банк мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни партия вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова кириш сўзи билан очиб, амалий семинар мақсади ва мазмун-моҳияти ҳақида йиғилганларга айтиб ўтди. Вилоятда энергия ресурсларини тежаш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини излаб топишда ҳамкорлик ўрнатиш, янгидан барпо этилаётган юртимизнинг иқтисодий барқарорлиги, аҳолимизнинг турмуш сифати ва фаровонлигини ошириш йўлида беқиёс аҳамиятлилиги, шунингдек ушбу ҳаётбахш ғояни кенг аҳоли қатламлари орасида тарғиб қилишнинг самарали механизмларини биргаликда ишлаб чиқиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

-Вилоятимиздаги партия ташкилотларимиз билан давлат раҳбарининг водийдаги ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда аҳоли орасида энергия ресурсларини тежаш, муқобил энергетикадан самарали фойдаланиш борасида тарғибот тадбирларини олиб боряпмиз. Хусусан, йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, умуман, уларни электр билан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш, аҳоли хонадонларида ҳам қуёш панелларидан фойдаланиш, электр энергиясини ишлаб чиқариб, ўз эҳтиёжидан ортганини давлатга сотишнинг самарадорлиги борасида тушунтиришлар олиб бориляпти, - дейди O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Х.Халилова.

Андижон шаҳрининг “Чинор” меҳмонхонасида ташкил этилган семинарда тижорат банклари томонидан 2023 йил давомида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш учун аҳолига ва юридик шахсларга ажратилиши кўзда тутилган кредит маблағлари миқдорлари, муддатлари, фоизлари, турлари ва шакллари ҳақида ахборотлар берилди.

Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилган субъектларга бериладиган солиқ имтиёзлари ва субсидиялар юзасидан ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.

Амалий семинарнинг иккинчи қисмида иштирокчилар қуёш панеллари билан фаолият юритаётган мазкур меҳмонхона фаолияти билан ҳам танишдилар.

Тадбир якунида депутатлар, ҳокимлик ва идоралар вакиллари, фахрийлар ҳамда партия фаоллари билан биргаликда энергия самарадорлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш юзасидан кенг кўламли тарғибот ишларини жадаллаштириш ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга келишиб олинди.

Муяссар Умурзақова,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

бўлим мудири

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    433
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+