Бу йил “Мўътабар аёл” кўкрак нишони кимларга насиб этади?

20.02.2023, 17:01

Бу йил “Мўътабар аёл” кўкрак нишони кимларга насиб этади?

Кейинги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган янги босқичдаги туб ислоҳотлардан пировард мақсад, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқаришдан иборатдир. Бу борада хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш ва шу билан бирга юрт равнақи йўлида фаоллик кўрсатиб келаётган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бунинг ёрқин мисоли сифатида Президентимизнинг тегишли Фармонида жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган ва муносиб ҳисса қўшган хотин-қизлар учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини таъсис этилиши бўйича берган топшириқларини келтириш мумкин. Фармонга биноан, 2018 йилнинг 2 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 257-сонли қарори қабул қилинди ва унга кўра «Мўътабар аёл» кўкрак нишонини 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида топшириш белгилаб қўйилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилнинг 7 мартдаги ПФ-87-сонли Фармонига ҳам бу вазифа алоҳида топшириқ сифатида киритилди.

 “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига кўрсатилган номзод маҳалла, ўзи фаолият юритаётган жамоа, туман (шаҳар), вилоят ва республикада ўзининг салоҳияти, ижтимоий фаоллиги билан намуна бўлган, оилаларнинг мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда тиббий маданиятни юксалтириш, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган бўлиши керак.

Ҳозирги кунда жамиятимизда эркаклар билан бир қаторда фаолият олиб бораётган ва юқоридаги кўрсатиб ўтилган ҳислатлар соҳибалари кўплаб топилади. Республика комиссияси аъзоси сифатида уларнинг меҳнатлари ҳақиқатдан ҳам мақтов ва мукофотларга лойиқ эканлигини эътироф этмай ва тан олмай иложимиз йўқ. Тарихга назар соладиган бўлсак тарихда Тўмарис, Бибихоним ва Нодирабегим каби буюк аёл сиймолари борки, уларнинг бири буюк давлат ҳукмдори ва қўмондон бўлса, бошқаси Темурни Темур қилган Сароймулкхонимдир, яна бошқаси адабиёт соҳасининг йирик намоёндаси шоира Нодирабегим бўлган. Шунингдек, тарихдан ота-боболаримизнинг аёлнинг миллат ва жамият ривожида ўрни беқиёслигини тан олганларини ҳам кўрсак бўлади. Жумладан, жадидлар миллатни йўқ бўлишидан чўчиган ҳолда миллат аёлларини билимли вояга етказиш билангина миллатни қайта тиклаш мумкинлигига ишонишган. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Бугунги кунга қадар юртимизда 577 нафар аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Жорий йилда ҳам ҳудудий комиссиялар томонидан 761 нафар аёлнинг тегишли ҳужжатлари республика комиссиясига тақдим этилди.

Республика комиссияси аъзоси сифатида куни кеча бўлиб ўтган комиссиянинг йиғилишида иштирок этдим. Комиссия аъзолари томонидан номзодларнинг ҳужжатлари бирма бир чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб чиқилди. Ҳар бир номзоднинг ҳужжати билан танишар эканмиз, шундай матонатли, оқила, фидоий аёлларимиз борлигидан фаҳрланиб кетдик. Номзодларнинг ҳаммаси ҳам жуда муносиб, лекин танлов танловда бари бир.

Комиссия аъзолари томонидан ҳар бир туман, шаҳардан бир нафардан, республикамизнинг 14 та ҳудудидан эса икки нафардан аёлларнинг ҳужжатлари адолатли баҳоланиб саралаб олинди. Барча вазирликлардан берилган номзодларнинг хужжатлари хам ўрганилиб чиқилди  ва бир нафардан муносиб аёллар саралаб олинди.

Ишонаманки, жорий йилда ҳам мукофот ўзининг муносиб эгаларини топади ва хотин-қизларимизнинг Ватан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишида, фарзанд тарбиясидаги масъулиятли вазифасини виждонан бажаришида  илҳом бағишлайди.

Мавлуда Хўжаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

O’zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

 Аёллар масалалари бўйича раис ўринбосари

  • Кўрилди
    1463
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+