Вилоятдаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилади

21.02.2023, 10:03

Вилоятдаги ислоҳотлар янги босқичга  кўтарилади

Сўнгги йилларда Бухоро вилоятида ижтимоий-иқтисодий жабҳаларни эркинлаштириш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда аҳолини фаровон яшаши учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, аҳоли даромадларини ошириш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган солиқ ислоҳоти, очиқ ва жамоатчилик таклифларини инобатга олган ҳолда давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, давлат корхоналарини босқичма-босқич хусусийлаштириш ва ресурсларни тақсимлаш тизимида бозор механизмларини жорий этиш, аёллар бандлигини таъминлаш ва вилоятдаги кластерлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш  каби қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг маҳаллалар ҳаёти ва саноат корхоналари фаолияти билан танишиш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида “Ҳамма жойга бориб, соҳаларга туртки бериб, муаммоларни ҳал этиб, халқни рози қилишга ҳаракат қиляпмиз” деб айтган сўзлари O’zLiDePнинг барча фаолларига янгича ёндашган ҳолда иш юритишга даъват этди, десам муболаға бўлмайди.

Маълумки, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш, муқобил энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва тармоқларда йўқотишларни камайтириш, соҳага юқори технологияларни жалб қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Президентимиз томонидан айнан шу муҳим масала бўйича мутассадди ташкилотларнинг раҳбарларига топшириқлар берганлиги вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда ҳам, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда ҳам муҳим ўрин тутиши турган гап. Ушбу масала бўйича ўтказилган йиғилиш доирасида давлатимиз раҳбари вилоятимизнинг Ғиждувон, Жондор, Ромитан туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида 6 та янги корхонани ҳамда вилоят марказида тўрт юлдузли меҳмонхонани ишга тушириш бўйича рамзий тугмани босиб бу корхоналар фаолиятиги расман старт берганини назаримда бутун Бухоро халқи мамнуният билан кутиб олди. Ипакчилик, тўқимачилик, паррандачилик, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва туризм тармоқларига ихтисослашган мазкур корхоналар ишга туширилгач, уларда жами 3500 та янги иш ўринларини яратилади. Натижада вилоят ишлаб чиқаришига 850 млрд сўм қўшилади.

Президентимиз томонидан кластерлар раҳбарилари билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида кластерлар фаолиятида ҳам муқобил энергиядан фойдаланишни кенгайтириш, сув тежовчи технологияларни қўллаш, инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. Давлатимиз раҳбари кластер эгалари ва тадбиркорларга юзланар экан, -“Илм билан ҳамоҳанг юрган одамни хатоси камроқ бўлади” – дея таъкидлади.

Эътиборли жиҳати шундаки муқобил ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш, энергия тежамкорлиги масаласида Бухоро давлат университетида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Университетда 900 Вт қувватга эга автоном қуёш фотоэлектрик электростанцияси барпо қилинди. Бунинг ёрдамида 1 та светофор, дарвозага ўрнатилган шлагбаум ва 4 та 100 Вт ли прожекторлар ишлаб турибди. Мазкур станция университет томонидан 29 млн сўм маблағ билан молиялаштирилди. Талабалар тураржойи иссиқ сув таъминотида қуёш энергиясидан фойдаланиш мақсадида 10 та 200 литрли, умумий иссиқ сув ҳажми 2200 литрни ташкил қиладиган коллекторлар ўрнатилди. Қурилмалар учун университет томонидан 105 млн. сўм маблағ ажратилди. Университетнинг бош биноси томида ҳар бирининг юзаси 2,6 м2 бўлган 182 та 550 Вт лик, умумий қуввати 100 кВт бўлган монокристал қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, 473 м2 майдонни эгаллаган. Бу қуёш фотоэлектрик станциянинг қиймати 1 млрд. 200 млн. сўмни ташкил қилади.

Иқтисодиёт ривожланиб, корхоналар кўпайиши билан энергия ресурсларига талаб ошиб бормоқда. Шунинг учун барча ҳудудларда бундай қувватларни ошириш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, ўтган йили «Aksa Enerji Bukhara» томонидан иссиқлик электр станцияси ишга туширилган эди. У 150 миллион АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестиция эвазига барпо этилган. Ускуна ва жиҳозлар Туркиядан келтирилган бўлиб, 150 кишидан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланган. Станция қуввати 270 Мегаватт. Бу йилига 2 миллиард 200 миллион киловатт соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш, вилоятнинг 60 фоиз истеъмолини қоплаш имконини беради.

2023 йилда Бухорода йиллик электр истеъмоли 4,3 миллиард киловатт соатни ташкил этиб, тақчиллик 150 миллион киловатт соат бўлиши кутилаётганини инобатга олиб, мутасаддиларга вилоятда тақчилликни қоплаш бўйича мамлакатимиз раҳбари тегишли кўрсатмалар берди.

Умуман олганда, O’zLiDeP фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, шаҳар ва туманлардаги барча маслакдошларимиз Президентимизнинг Бухорога навбатдаги ташрифи давомида берилган барча кўрсатмаларни ўз партиявий фаолиятларида кенг қўллаб, вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшадилар.

Обиджон ХАМИДОВ,

Бухоро Давлат университети ректори,

O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    596
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+