“Кластерлар халқчил ва халқпарвар бўлиши керак”

21.02.2023, 15:52

“Кластерлар халқчил ва халқпарвар бўлиши керак”

Президентимизнинг шу йил 17 феврал куни Бухорога навбатдаги ташрифи доирасида вилоятда фаолият юритаётган пешқадам кластерларнинг раҳбарлари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларга қарата “Майли бой бўлсин, фақат ҳаёт билан бирга. Халқ билан бирга” деб айтган сўзларига жавобан, эндиликда соҳанинг ҳар бир ходими эл-юрт маъмурчилиги, Ватанимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилишни кўнглига тугиб қўйди десам, адашмаган бўламан.

Дарҳақиқат, кластерлар раҳбарлари энг аввало барчамизга ризқ-рўз улашган, она юртимизни ва унда яшаётган бунёдкор халқимизнинг қувонч- ташвишларини қалбан ҳис этиши ва ўз ҳамюртларига мададкор бўлишлари, уларнинг бандлигини таъминлаш ва шу тариқа бой ва бадавлат бўлиб ҳаёт кечиришларига эришиши зарур деб уйлайман.

Вилоятимизда бугунги кунда 11 та пахта тўқимачилик кластерлари бўлиб, ўтган 2022 йилда улар томонидан салкам 99 минг гектар ерда 358 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилган. 2 трл 36 млрд сўмлик 36 та истиқболли лойиҳа амалга оширилган. 3600 та янги иш ўрни яратилган. Ташқи бозорга қарийб 77 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинганлиги ҳам мавжуд  кластерларда меҳнат қилаётган ишловчиларнинг ғайрат-шижоати самарасидир. Кластерлар раҳбарлари билан ўтказилган самимий суҳбатда Юртбошимиз уларга жуда катта ишонч билдирди. Соҳа ходимларининг бугунги кунда халқпарвар бўлишлари зарурлигини қайта-қайта таъкидлади. Чиндан ҳам, Президентимизнинг кейинги 5 йилда кластерларни янада ривожлантиришга қаратилган Фармон ва қарорлари, мамлакатимиз аграр соҳасида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар том маънода жойлардаги кластерларнинг “қаддини тутиб” олишларида муҳим аҳамият касб этди. Эндиги устувор вазифа эса Президентимиз уқтирганидек, кластерларнинг халқчил ва халқпарвар бўлишларига эришишдан иборатдир.

Мен Пешку туманидаги “Малишояк” кўп тармокли фермер хўжалигини 25 йилдан буён бошқариб келяпман. Юртбошимиз биз фермерлар ва кластерлар раҳбарлари билан қилган юзма-юз мулоқоти чоғида бизни қийнаётган муаммоларни тингладилар. Биз ўз навбатида соҳани янада ривожлантириш юзасидан таклифларимизни ҳам билдирдик. Фермер хўжаликлари томонидан етиштириладиган  пахта хом ашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолига келтириш мен сингари фермер хўжалиги раҳбарларининг кўп йиллик орзуси эди.  Мана 5 йилдирки мамлакатимизда йўлга қўйилган янги тизим кластерлар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Агрокластерлар билан тузилган ўзаро манфаатли шартномалар асосида олиб бораётган фаолиятимиз ўз амалий натижасини бериб турибди. Шу тариқа ўтган 2022 йилда 44 гектар майдонда пахта етиштириб, ҳосилдорликни гектар бошига 44 центнерга етказишга эришдик.  2 млрд сўмлик олинган даромад ерларни лазер килишга, контурларни кенгайтиришга, фермер хўжалиги ишчиларини ижтимоий ҳимоя қилишга, хўжалигимиз ҳузурида барпо этилган 100 ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилоти харажатларини қоплашга сарфланди. Бундан ташқари фермер хўжалигидаги тасарруфидаги 7 гектар ерни 43 нафар фукароларнинг ҳар бирига 15 сотихдан e-аукцион орқали ажратиб бериб, ушбу майдонларда сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйдик. Шу тариқа аҳолини иш билан таъминлаб, камбағалликни қисқартиришга муваффақ бўлдик.  Шунингдек, фермер хўжалигимиздаги 60 гектар ер атрофида тут ва ток кўчатларини экишни ташкил этганимиз ҳам ўз самарасини беряпти.

Маълумки вилоятимизнинг аксарият экин майдонлари шўрланган бўлиб бу деҳқончиликда муайян қийинчиликларни туғдиради. Шуни ҳисобга олиб, ернинг шўрини ювиш ва бартараф этиш мақсадида тут ва ток кўчатлари экишга кўпроқ аҳамият  беряпмиз. Фаолиятимнинг дастлабки йилларида бор йўғи 1,5 гектар майдонда деҳқончилик қилган бўлсак, бугунги кунга келиб хўжалигимизга қарашли 100 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиряпмиз.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида кластерларнинг раҳбарларига берилган маслаҳат ва кўрсатмалар, энг муҳими уларга билдирилган юксак ишонч мени ҳам руҳлантириб, келгусида  кластер тизими вакилларидан бири сифатида самарали фаолият олиб боришга даъват этмоқда. Токи кластер тизими Янги Ўзбекистоннинг синалган ҳаётий эҳтиёжи сифатида ўзини тўлиқ оқлайдиган ва шу тариқа юртдошларимизнинг бой ва фаровон яшашларини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшадиган бўлсин.

Санам Жумаева,

Бухоро вилояти Пешку туманидаги

“Малишояк” фермер хўжалиги раҳбари,

 халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,

 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    325
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+