Ўзбекистон ва Миср Араб Республикаси ишбилармонлари ҳамкорлиги янада кенгаяди
21.02.2023, 15:57

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикасига расмий ташрифининг биринчи куни ишбилармон доиралари вакиллари, мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан ўтказилган қизғин учрашувлар билан бошланди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Миср бизнес форумининг самарали натижаларини, унинг якунида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан зиёд битим ва шартномаларни амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга имзо чекилганини айтиб, бу анжуман икки мамлакат ишбилармонлари ҳамкорлигини янада кучайтиришини таъкидлаб ўтди. Айниқса, энергетика, электротехника, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чарм-пойабзал тармоқларида саноат кооперациясини кенгайтириш учун қулай бизнес муҳити мавжудлиги айтиб ўтилди.
Албатта, ўз навбатида Мисрнинг етакчи компаниялари вакиллари ўз чиқишларида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, иқтисодиётнинг либераллашуви ва қулай инвестиция муҳити яратилгани уларнинг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш учун катта имкониятлар очаётгани алоҳида эътироф этишди.
Масалан, олайлик, “Elsewedy Electric” компанияси раҳбарлари электр энергияси, трансформаторлар ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Мисрдаги энг йирик корхона бўлиб, шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, трансформаторлар, кабель-сим маҳсулотлари ва қўшимча қисмларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга ҳозирлигини билдиришди. “Orascom Construction” компанияси вакиллари Ўзбекистонда индустриал парк яратган ҳолда унинг ҳудудида лок-бўёқ маҳсулотлари ва қурилиш материаллари учун кимёвий моддалар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини айтиб ўтишди.
Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида фикр-мулоҳозалари билан бўлишиб, Мисрнинг йирик сармоядорлари Ўзбекистонни Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун кўприк сифатида кўраётганларини қайд этдилар. Президент Шавкат Мирзиёев билдирилган режа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон томонининг мутасаддиларига таклиф этилган лойиҳалар ижроси устидан қатъий назоратни таъминлаш топшириғини берди.
Икки мамлакат ишбилармонларининг бу ҳамкорлиги албатта, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, дўстлик ва савдо-инвестициявий шерикликни янада кенгайтиришига шак шубҳа йўқ. Бу борада имзоланган “йўл харитаси” эса келишилган аҳдлашувнинг расмий ҳужжати бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизни Миср Араб Республикаси билан боғлаб турган ришталар узоқ тарихга эга. Хусусан, буюк ватандошимиз Аҳмад Фарғоний 861 йилда Нил дарёсидаги Равза оролида сув сатҳини ўлчайдиган иншоот барпо эттирган, “Миқёс ан-Нил” номи билан машҳур бу қурилма қишлоқ хўжалиги ва иқлимни баҳолашда жуда муҳим бўлган.
Бу жойда Аҳмад Фарғонийнинг ҳайкали қад ростлаб турибди. Президентимиз ҳайкал пойига гулчамбар қўйиб, буюк ватандошимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Айтмоқчиманки, икки мамлакат ўртаcидаги ўзаро боғлиқлик бугунги кунда ҳам қизғин давом этар экан, буюк мутафаккир бобомиз қўйиб кетган ишбилармонлик пойдевори янада мустаҳкам асосга эга бўлади.
Дилбар Усмонова,
Олдий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O'zLiDeP фракцияси аъзоси.
Ўхшаш янгиликлар
-
Энг эзгу мақсадимиз оилалар мустаҳкамлиги ва аёллар ҳуқуқий ҳимоясидир
21.09.2023, 10:23
-
Мирзаободда саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди
21.09.2023, 09:40
-
Ҳудудий инвестиция лойиҳаларни жалб қилиш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди
20.09.2023, 17:45
-
ТАРИХИЙ ИСЛОҲОТЛАР
18.09.2023, 12:33
-
"Ўзбекистон - 2030" стратегияси: Қишлоқ хўжалигида бошланган ислоҳотлар янги босқичга олиб чиқилади
15.09.2023, 17:33
Фикрингизни қолдиринг