Кластерлар боқимандаликка чек қўйиб, эркин ва самарали меҳнат қилишга ундайди

23.02.2023, 17:11

Кластерлар боқимандаликка чек қўйиб, эркин ва самарали  меҳнат қилишга ундайди

Мамлакатимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасига кластерларни кенг татбиқ этиш орқали соҳада қатор ютуқларга эришилаётганлигини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Айниқса, бу борада қонуний асосларнинг яратилаётгани янада кўпроқ имкониятлар учун йўл очмоқда.

Хусусан, кластер тизимини жорий этиш, замонавий иссиқхона хўжаликларини яратиш ва томорқа хўжалиги амалиётини кенгайтириш нафақат ҳосилдорликни, балки қишлоқда аҳоли турмуш даражасини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

Кластер – уруғни ерга қадашдан бошлаб, ундан юқори ва қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулотларни ички бозорга ва экспортга йўналтиришгача бўлган ишларни бирлаштирувчи тизим бўлиб, бугун дунёнинг кўплаб давлатларида бу тизим қўлланилади.

Боиси бу тизим деҳқонларимиз, аграр соҳа вакилларига янгича замонавий услубда ишлашни ўргатди. Ҳосилдорлик, даромадни оширди. Кластернинг моҳияти шуки, унинг таркибидаги хўжаликлар, корхоналар, муассасалар хомашёни етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот вужудга келиши ва уни сотишгача бўлган жараёнда битта яхлит жамоага бирлашади.

Хорижий давлатларда кластерлар иқтисодиётнинг барча тармоқларида аллақачон етакчи тизимга айланган. Масалан, АҚШда хусусий сектордаги одамларнинг 30 фоиздан ортиғи, Швецияда меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг 39 фоизи кластерларда ишлайди.

Шу ўринда кластер бизга қандай наф келтиради, унинг афзаллик томонлари нимада? Ҳозир бу тизим қай даражада ўзини оқламоқда?, деган ҳақли савол туғилиши табиий.

Аввало айтиш керакки, бу тизимнинг қулай томонлари жуда кўп. Масалан, хомашё етиштириш, уни ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш – буларнинг барчаси битта субъект томонидан амалга оширилади. Бу орқали маҳсулот ҳам арзон, ҳам сифатли бўлади.

Шунингдек, хўжаликлар, корхоналарнинг тизимли занжири ташкил қилиниши эвазига турли йўқотишлар камаяди ва хомашёга муҳтожлик сингари ҳолатлар барҳам топади. Энг муҳими, қишлоқларда аҳолининг иш билан таъминлаш имконияти кенгаяди.

Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2022 йилда республикада 134 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолият юритиб, 1 032 минг гектар ер майдонларида жами 3,5 млн. тонна пахта хомашёси етиштирилган. Ҳосилдорлик ўртача 34 центнерни ташкил этган. Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан қиймати 10,9 трлн. сўмлик 371 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 36 минг иш ўринлари ташкил этилган.

Ўтган 2022 йилда ғаллачилик кластерлари сони 38 тага ошиб, 195 тага етди. Кластерлар ва улар билан шартнома асосида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари томонидан 2022 йил ҳосили учун 928 минг гектар ер майдонида ғалла парваришланиб, 6 496 минг тонна ғалла ўриб-йиғиб олинди. Асосийси, ғаллачилик кластерлари томонидан 555 млрд. сўмлик 87 та инвестицион лойиҳа амалга оширилгани ҳисобига 503 минг тонналик янги қувватлар ишга туширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда жами 261 та мева-сабзавотчилик кластерлари фаолият юритаётган бўлиб, уларга 181,2 минг гектар ер майдонлари бириктириб берилган. Кластерлар томонидан 2022 йилда жами 1,4 млн. тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, 454,4 минг тонна ички истеъмолга, 630 минг тонна қайта ишлашга ҳамда қиймати 265 млн. долларлик 315,6 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортга йўналтирилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугунги кунда кластер тизими ўзини оқлаяпти, яхши натижа беряпти, дейишга етарли асослар бор. Лекин иш бор экан, муаммолар ҳам юзага келиши табиий. Бу эса ўз вақтида зарур чоралар кўришни тақозо этади.

Хусусан, ёқилғи мойлаш материаллари махсулотларининг қимматлиги ва тақчиллиги сабабли пахта етиштириш таннархи ошиб бормоқда. Қолаверса, фермер хўжаликларини ўз вақтида етарли ЁММ билан таъминлашда ҳам муаммолар бор.

Шунингдек, ғаллачилик кластерлари ва маҳсулот етиштирувчи фермер хўжаликлари ўртасида тузиладиган фюъчерс шартномаларининг ҳуқуқий мажбуриятини ва назорати тўғри йўлга қўйилмаган. Бу борада қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, кластерлар ва фермер хўжаликлари ўртасидаги фьючерс шартномаларининг мутасаддилар билан келишилган шаклда намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда шартнома тузиш эркинлигини бузиш, шартнома тузишга мажбур қилиш ҳолатлари учун жавобгарлик белгилаш керак.

Иккинчидан, шартномаларни қоғоз шаклда тузишдан воз кечиш ва электрон тартибда, ягона ахборот порталида рўйхатдан ўтказиш, унинг ижросини доимий мониторинг қилиб бориш бўйича тизим яратиш зарур.

Учинчидан, фермер хўжаликларига ва пахта-тўқимачилик кластерларига имконият яратиш мақсадида Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан тўғридан-тўғри ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган фермер ва кластерларга имтиёзли кредитлар ажратилишини белгилаш лозим.

Умуман олганда, бугун кластер тизими нафақат қишлоқ хўжалиги, балки саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олмоқда. Мамлакатимизда соҳага қаратилаётган катта эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, маҳсулотларнинг ҳам арзон, ҳам сифатли бўлишига хизмат қилади. Зотан, кластерлар боқимандаликка чек қўйиб, эркин ва самарали меҳнат қилишга ундайди.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    455
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+