Ишли бўлиш хотин-қизларга маънавий ҳамда моддий куч бағишлайди

24.02.2023, 17:55

Ишли бўлиш хотин-қизларга маънавий ҳамда моддий куч бағишлайди

Президентимизнинг ҳар галги ташрифи воҳамизда янги-янги ташаббуслар сари йўл очади.  Бу галги ташрифда давлатимиз раҳбари 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Янги Батош маҳалласига ташриф буюрдилар. Кейинги йилларда маҳалла ҳудуди ободонлаштирилди, янги-янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлади. Тўқимачилик корхонаси, дорихона, минибанк, озиқ-овқат дўконлари ва хизмат кўрсатиш устахоналари ишлаб турибди. 

Мазкур ҳудуддан сайланган вилоят кенгаши депутати сифатида сайловчиларим билан мулоқотларда ёшлар ўртасида ишсизлик долзарб муаммо эканлигини жуда яхши биламан. Аҳоли турмуш шароитини хонадонма-хонадон ўрганиш чоғида жуда кўпчилик аёллар менга иш сўраб мурожаат этишади. Улар орасида чевар, ҳунармандлари жуда кўп. Баъзи ҳолларда уларни ишга жойлаштиришда катта қийинчиликларга дуч келганман. Чунки ҳудудда тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олмаганда, йирик саноат корхоналари деярли йўқ ҳисоби. Ташкил этиладиган касаначилик маркази хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги қатор муаммоларни ечимига яқиндан ёрдам беради. Президентимиз марказда ёшлар ва хотин-қизлар учун ҳунар ўргатиш борасида қилинаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, маҳаллий ҳунармандларни хомашё билан таъминлаш, аҳоли зич маҳаллалардаги коллежларнинг маълум хоналарини касаначиларга ажратиш бўйича топшириқлар бердилар.

 Янги Батошдан ташқари унга туташ Батош, Хониён, Тараққиёт, Дашт, Жумабозор каби маҳаллаларда истиқомат қилаётган 24 мингдан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этадиган мазкур марказда нафақат тикувчилик, чармдўзлик, гиламчилик маҳсулотлари тайёрланади, балки уйда ўтирган хотин-қизларга касаначилик орқали ҳунар ўргатилиб, бандлиги таъминланади. Марказ кўмагида ҳоким ёрдамчиси ҳамда хотин-қизлар фаоли томонидан ишсиз фуқаролар аниқлаб, қизиқиш ва хоҳишларига кўра йўналишлар бўйича усталарга бириктиришни режалаштираяпмиз. Энди касаначилар ишга келиши шарт эмас. Агар буюртмаларни ўз вақтида тайёрлаб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни эпласа бемалол уйида ишлаши мумкин. Улар дастгоҳ ва зарур хом ашё билан таъминланишади.  Буюртмачи ва касаначи ўртасида тузилган шартномалар ҳоким ёрдамчиси томонидан “Ягона меҳнат миллий тизими”га киритилади. Бу билан минглаб ёшлар ва хотин-қизлар ўзлари учун зарур бўлган меҳнат стажига эга бўлиш баробарида ҳунарлари ортидан фаровон яшаш бахтига муяссар бўлишади.

Президентимиз одамлар учун ҳунар ўрганишда маҳалла анъанасидан самарали фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Дарҳақиқат, касаначиликни ривожлантириб, устоз-шогирд асосида йигит-қизларга ҳунар ўргатиш борасида сезиларли ютуққа эришиш мумкин. Бандлиги таъминланган аёл дунёдаги энг бахтли аёл ҳисобланади. Мазкур ҳудуд тажрибаси воҳанинг бошқа туманларида ҳам амалиётга қўлланса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашда яқиндан ёрдам беради.

 Ишонаманки, яқин ойларда Қарши туманида яшовчи хотин-қизлар ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётларида мисолида кўриб, ишли бўлиб, Янги Ўзбекистонимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшиш бахтига муяссар бўладилар.

 Исмигул Хушмуродова,

Халқ депутатлари Қашқадарё

вилоят кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    553
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+