O‘zLiDeP ташаббуси: “Аёллар қаноти” касаначиликни янада қўллаб-қувватлайди!

28.02.2023, 12:57

O‘zLiDeP ташаббуси: “Аёллар қаноти” касаначиликни янада қўллаб-қувватлайди!

Шу йилнинг 23 февралида Президентимиз “Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорни имзолади. Қарор билан эндиликда аввалдан касаначилар меҳнатидан фойдаланиб келган корхоналар уларни янада кўпроқ жалб қилишдан манфаатдор бўлишади.

Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафтада Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманидаги Янги Батош маҳалласида ташкил қилинаётган Касаначилик маркази билан ҳам танишиб, яратилаётган шароитларни кўздан кечирди.  “Ўзи, ҳунар ўрганишнинг энг катта замини – маҳалла. Бу анъанамиздан фойдаланиб, касаначилик ҳамда устоз-шогирдлик асосида ёшларни ҳунарли қилиш мумкин. Бу уларга, айниқса, хотин-қизларга ҳам маънавий, ҳам моддий куч бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этиш зарурки, партиямиз кўп йиллардан буён айни йўналишда тизимли фаолият олиб боряпти. O‘zLiDeP дастурида баён қилинганидек: “партия банд бўлмаган аҳолини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб қилиш ва фуқаролар оилавий бюджетлари даромадларини оширишнинг энг самарали шаклларидан бири сифатида касаначилик меҳнатини янада ривожлантиришнинг улкан салоҳиятини таъкидлайди”.

Соҳага янада кўпроқ эътибор қаратилаётгани эса партиямиздан бу борадаги ишларнинг янги босқичга олиб чиқишни тақозо қилмоқда.

Бугун O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида давлатимиз раҳбарининг воҳага ташрифи ва унда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, сиёсий куч олдида турган вазифалар ижросига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ушбу ташаббуслар тўла қўллаб-қувватланиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шундан келиб чиқиб, O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” қуйидаги вазифаларни амалга оширишга киришди:

вазирлик ва идоралар билан биргаликда касаначиларни жалб қилувчи корхоналар рўйхати тузилмоқда;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда касаначилик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар рўйхати шакллантириляпти;

корхоналар ва ишсиз фуқаролар учун меҳнат ярмаркалари ташкил этилади;

ҳудудлардаги мономарказлар билан биргаликда корхоналар талабидан келиб чиққан ҳолда ишсиз хотин-қизлар касбга ўқитилади ва ишга жойлаштирилади;

республика миқёсида “Энг кўп касаначиларни иш билан таъминлаган корхона” ва “Энг самарадор касаначи” танловлари ўтказилади ва ғолиблар O‘zLiDeP  томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади;

депутатлар, партия фаоллари, мутахассислар ёрдамида ҳар бир ҳудудда қандай турдаги касаначиликни йўлга қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда аҳолининг кўникма, малакаси аниқланади, янги корхоналар қуриш тўғрисидаги таклифлар инвесторларга етказилади;

ишсиз ҳамда қўшимча даромад олиш истагидаги хотин-қизлар меҳнатга кенг банд қилинади.

O‘zLiDeP Аёллар қаноти

  • Кўрилди
    1613
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+